Европа Иттифоқида 2016 йилда террорчилик фаолиятига алоқадорлик гумони билан  мингдан кўпроқ одам ҳибсга олинган. Бу ҳақда Европа полиция агентлигининг (Европол) террорчилик билан боғлиқ вазиятга бағишланган ҳар йиллик ҳисоботида айтилган.   

"Ҳибсга олинганларнинг умумий сони 1002 кишини ташкил қилди. Бу 2015 йилдагидан 75 кишига камроқ. Бунда 2016 йилда 2015 йилги каби қўлга олинганларнинг бир қисми радикал ислом террорчилигига алоқадор бўлган", деб айтилди Европолда. Шуни ҳисобга олган ҳолда Европолда Европа давлатларининг бу йўналиш бўйича ҳамкорлик қилиши муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.    

"Ҳеч қачон ахборот алмашишга зарурият охирги икки йилдагидек аён бўлмаган. Бу йилнинг ўзида радикал исломчиларнинг ҳужумлари оқибатида Европада 135 киши ҳалок бўлди. Этно-миллий ва айирмачилик террорчилигидан ҳамда ўнг ва сўл экстремистлардан фарқли, радикал исломчилик халқаро характерга эга ва шу сабабли халқаро муносабат ва турли давлатлар ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаол ҳамкорлигини талаб қилади", деб таъкидлаб ўтди Европол директори Роб Уэйнрайт.

Бундан ташқари, 2016 йилда Европа Иттифоқида 142 та муваффақиятсизлик билан тугаган, олди олинган ёки амалга оширилган теракт қайд қилинган. Улар ҳақидаги хабарларнинг ярмидан кўпи Буюк Британияда келиб тушган. Шунингдек, террорчиликдан энг кўп азият чеккан давлатлар бешталигидан Франция, Италия, Испания ва Греция ўрин олган. Терактлар оқибатида умумий ҳисобда 142 киши ҳалок бўлган, 379 киши яраланган.