Тошкент шаҳрида "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Президент Шавкат Мирзиёев бу ташкилотлар олдига ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизимга ўтиш вазифасини қўйди ва эътибор берилиши керак бўлган жиҳатларни қайд этиб ўтди:

"Биринчидан, жойларда махсус ҳисобга олинган фуқароларнинг турмуш шароити, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, муаммоларини ўрганиш, ушбу тоифа шахслар нега радикаллашиб кетганининг сабабларини ҳар томонлама чуқур таҳлил этиш лозим.

Ана шу ишларнинг натижалари бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятида қўллаш учун аниқ тавсия ва таклифлар ишлаб чиқишни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Агар биз шу йўналишдаги ишларни аввалгидек давом эттирадиган бўлсак, яъни, умумий профилактика ишларини ёшлар радикал диний оқим аъзосига айланганидан сўнг ўтказадиган бўлсак, бундай хавф-хатарга қарши ҳеч қачон самарали кураша олмаймиз. 

Қисқача айтганда, узоқни кўзлаб, керак бўлса, ҳаётда бир қадам олдинда юриб, бизни доғда қолдирмоқчи бўлганларнинг ҳийла-найрангларини аввалдан билиб, биринчи зарбани улар эмас, биз беришимиз зарур. Шунда давлатнинг – давлат, жамиятнинг – жамият экани бор кучи ва қудрати билан намоён бўлади. 

Иккинчидан, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маҳалла маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари, имом-хатиблар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тегишли ходимлари учун малака ошириш ўқувларини ташкил этиш керак. Бу ўқувларда уларни диний экстремистик ва террорчи гуруҳларнинг иш усули, ғаразли ғоя ва мақсадлари билан таништириб бориш зарур. 

Адашган шахслар билан ишлайдиган мутахассис, у маҳалла маслаҳатчиси, имом-хатиб ёки профилактика инспектори бўладими, аввало бузғунчи кучлар қандай ғояларни илгари сураётганини билиши керак. 

Акс ҳолда у ана шу ғоялар хато экани, дину диёнатимиз, элу юртимиз манфаатларига зид келишини тушунтириб беролмайди. Бундай ҳолатда қандай қилиб адашган кимсани тўғри йўлга ишонтириш мумкин?

Учинчидан, ҳокимларнинг ёшлар билан ишлаш ҳамда жамоатчилик ва диний ташкилотлар, шунингдек, хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари аввало ўзлари ташаббус кўрсатиб, турли сохта ваъдалар, ҳавойи гаплар ортидан эргашган фуқароларимизнинг хонадонларига кириб боришлари керак. Улар билан суҳбат ўтказишлари, иссиқ-совуғи, ташвиш ва муаммоларидан хабардор бўлишлари лозим. Уларнинг кундалик режасида ҳар куни қайси диний оқим аъзоси билан учрашиш, диний-ахлоқий жиҳатдан муаммоси бўлган хонадоннинг масаласини ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар акс этиши шарт. 

Агар биз ёлғон ғояга алданганларни ўз ҳолига ташлаб қўядиган бўлсак, эртага четда пайт пойлаб турган қабиҳ ёв келиб, уни ўз ортидан етаклаб кетмаслигига ким кафолат беради?

Бугунги кунда диний экстремистик оқим аъзоларининг фарзандларини жамоат ишларига, дунёвий турмуш тарзига, хусусан, фан ва касб-ҳунар тўгараклари, санъат фестиваллари, спорт мусобақаларига жалб қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Буни албатта қониқарли деб бўлмайди. Нега деганда, бир-икки марта номига тадбир ўтказиш билан иш битмайди. Бу йўналишда ҳар куни, ҳар соатда, доимий ва тизимли равишда иш олиб бориш керак. Буни маънавий ҳаёт, ғоявий-мафкуравий иш деб қўйибди. Бу бизга ғалла ёки чигит экиш эмас, уруғни тупроққа ташладик, бўлди, энди кутамиз, деб қараб ўтирсак.

Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди.