Россиянинг кўплаб шаҳарларида ҳукуматда коррупцияга қарши курашишга йўналтирилган намойишлар бўлиб ўтди. Бу вазиятни ноёб деб бўлмайди, чунки бугунги кунда сиёсатчилар коррупцион можароларга аралашмаган мамлакатни топиш қийин, дейилади "Лента.ру" нашрида берилган мақолада. 

Германия ҳам бундан истисно эмас. 2012 йилда ГФР президенти Кристиан Вульф хизмат лавозимини суиитеъмол қилганликда айбланиб, истеъфога чиқишга мажбур бўлган. Унинг ўз карьерасини бундай аянчли ҳолда тугаллашига сабаб бўлган воқеа бир қараганда кимларгадир кулгили туюлиши мумкин - Вульф уй сотиб олиш учун имтиёзли кредит олган бўлиб, танишларидан бирига унинг ҳисобига кредит учун бир неча юз евро тўлашга изн беради. 

Бироқ немислар учун бу жиддий қонунбузарлик ҳисобланади - қонун ҳамма учун бир, бунда қанча миқдордаги пора ҳақида гап кетаётгани аҳамиятсиз. Шу боис ГФРда фақатгина юқори мансабдаги амалдорларгина жамоатчилик назорати остида деб бўлмайди. Германиянинг бошқа жабҳаларида коррупцияга қарши кураш қандай кечади?

Полициячига аталган гамбургер

Фото: Arnd Wiegmann / Reuters

Бир неча йил илгари Қуйи Саксонияда порахўрликда айбланган полициячилар гуруҳи суд олдида жавоб берди. Аноним хабарчи маҳаллий полиция бошқармасига ҳуқуқ тартиботчиларининг тунги сменада кўпинча "Макдоналдс"га киришлари ҳақида хабардор қилган. Маълум бўлишича, бундай тунги соатларда ресторан ходимлари кўпинча пакетга бир евро қийматидаги тўланмаган гамбургерни қўшиб солишган. Воқеалар суткалик сменанинг охирида рўй бергани учун таомнинг сотилмаган қолдиқлари ҳар қандай ҳолатда ҳам ташлаб юборилар эди. Бироқ қўшни Гамбургдан тергов учун йўлланган махсус полициячилар гуруҳи бу билан оқлана олмади. 

Ички тергов "хизмат лавозими орқасидан ноқонуний фойда олиш" фактини аниқлади

Кейинчалик барча айбланувчилар суд томонидан оқланди, бироқ воқеа ОАВда кенг тарқалди ва бундай ноҳақликнинг жамоатчиликда қизғин муҳокамасига сабаб бўлди. Германияликлар бир евро қийматидаги гамбургер иши бир неча кишидан иборат комиссия томонидан кўриб чиқилиши қанчалик тўғри экани борасида баҳслашишарди. 

Бу воқеа ГФРнинг ҳар қандай даражадаги коррупцияга бўлган муносабатига яққол далилдир. Давлат хизматчилари учун энг қатъий қоидалар белгиланган, давлат хизматчилари деганда, Германияда фақатгина амалдорлар назарда тутилмайди - давлат жамият билан мулоқотда кимларни ўзининг вакили ҳисобласа, шуларнинг бари давлат хизматчиси ҳисобланади. Бу - полициячилар, ўқитувчилар, шифокорлар, олий таълим муассасалари ходимлари, судьялар ва ҳ.к.

"Коррупциянинг ҳаттоки бир ҳолати ҳам - ҳаддан зиёд кўп ҳисобланади", - дейилади Гамбург давлат хизматчилари иттифоқи томонидан имзоланган битимда. Бу шаҳарда жуда қатъий аксилкоррупция қонунлари ҳукмрон. Давлат хизматчилари махсус рухсатсиз ҳеч қандай совғани қабул қила олишмайди. Бу ҳатто ўқитувчиларга - гулдаста, шифокорларга эса шоколад совға қилиш мумкин эмаслигини англатади. Давлат хизматчилари пора беришга уриниш орқали уларнинг қарорига таъсир ўтказишлар ҳақида раҳбариятга хабар бериш мажбуриятини олишади. 

Қонунчиликни бузганлар учун қатъий жазолар белгиланган: жарима, ишдан бўшатиш, ўз касбини давом эттириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш. 10 минг евро миқдоридаги пора олишга уринган давлат хизматчиси эса нафақат озодликдан маҳрум бўлади, балки давлат хизматчиси мақомидан умрбод айрилади. 

Бир ярим миллиардлик зиён

"Коррупцияни аниқлаш жуда қийин, чунки томонларнинг ҳеч бири ўз қилмишини фош қилишдан манфаатдор эмас", - дейди Гамбургнинг Коррупцияга қарши Марказий идора раҳбари Михаэль Швиринг. Унинг сўзларига кўра, статистикада порахўрлик билан боғлиқ қонунбузарликларнинг атиги 5 фоизигина акс этади. Германия Федерал криминал бюроси сўнгги олти йил давомида ҳар йили 8000 дан 47000 гача коррупция ҳолатларини қайд этган. Бундай катта тафовут бир муассасада йирик коррупцион схема аниқланган ҳолатда у статистикани бир неча мингга ўзгартириши мумкинлиги билан изоҳланади. 

Масалан, 2014 йилда 20000 қоидабузарлик аниқланди, уларнинг аксарияти Баварияда содир этилган. Полиция сураткашлар гуруҳининг съёмка буюртмалари учун боғча ва мактаб директорларини "сотиб олган"ини аниқлаган. Ўқув муассасалари раҳбарлари сураткашлар олган пулнинг 20 фоизига эга бўлишган. Қизиғи, бу пулларнинг чўнтакка эмас,  мактаб ва боғча эҳтиёжларига сарфлангани ҳеч қандай аҳамият касб этмаган. 

Фото: Patrick Pleul / dpa / Globallookpress.com

Коррупцион жиноятларнинг ярмидан кўпи иқтисодиёт соҳасига тўғри келади, учдан бири - давлат бошқарув органларига, сиёсатда эса барқарор - бир фоиз. Мамлакатдаги коррупция натижасидаги йўқотишларнинг умумий суммаси 2011-2015 йилларда 1,4 миллиард еврони ташкил қилган. Агар немис порахўрининг умумлашган портретини оладиган бўлсак, бу 3 йилдан ортиқ вақт давомида маъмурий лавозимдаги катта ёшли кишидир. 

Transparency International версиясига кўра, коррупцияга қарши курашда энг муҳим жиҳатлардан бири - ҳамкасблар таъқибига учрамай ва иш ўрнини йўқотмай туриб, "можарони уйдан ташқарига олиб чиқиш имконияти". Бугунги кунда Германияда хабар берувчини ҳимоя қилиш механизми йўқ, шундай бўлса-да, баъзи ҳудудлар бунинг ечимини топишга ҳаракат қилишмоқда.

Қуйи Саксонияда ҳукумат аноним хабар қолдириш мумкин бўлган сайтни ишга туширди. Рўйхатдан қонунбузарлик тури (пора бериш ё олиш, хизмат лавозимини суистеъмол қилиш ва ҳоказо)ни танланиб, берилган ҳужжат шакли тўлдирилади. Заруратга қараб қўшимча ҳужжатлар ва суратлар тақдим этилади. Бу ерда хабар берувчи тўқима ном остида почта яратади, шу почта орқали унга ариза тақдирига доир ҳисобот йўлланади. Бундай сайтлар келгусида мамлакатнинг барча федерал ҳудуларда пайдо бўлиши режалаштирилган. Шу тариқа жиноятларни фош қилиш енгиллашишига умид қилинмоқда.