Ўзбекистондаги Қандим конлари гуруҳининг газни қайта ишловчи заводи қурилишининг биринчи босқичи шу йилнинг декабрь ойида тугалланади. Бу ҳақда Халқаро Пресс-клубнинг 12 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида "Ўзбекнефтгаз" вакилларининг сўзларига асосланиб, "Кун.уз" мухбири маълум қилди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Россиянинг "Лукойл" компанияси билан биргаликда мазкур лойиҳани йўлга қўйиш ишларини тезлаштиришга қарор қилинган. 

Шундай қилиб, дастлаб 2018 йилнинг июнь ойига мўлжалланган биринчи босқич ишлари 2017 йилнинг декабрида тугалланади.

Ҳозирда ушбу объектга лойиҳада кўзда тутилган 93 фоиз ускуналар келтирилган. Газни қайта ишловчи завод қурилишига тахминан 8 минг киши жалб қилинган, уларнинг 90 фоиздан кўпроғи маҳаллий мутахассислардан иборат. 

Таъкидлаш жоизки, 8,1 миллиард кубометр газ ишлаб чиқаришни мақсад қилган заводнинг қурилиши 2016 йилнинг апрелида бошланган.