Калтак еган болага тасалли беришибди:
- Йиғлама болакай, калтак яхши нарса жаннатдан чиққан.
- Яхши нарса бўлса жаннатдан чиқмасди – дебди бола зўрға ўзини йиғидан тўхтатиб.

Хавотир билан кутган ўйинда барибир биз қўрққан нарса содир бўлди. Гарчи рақиб гуруҳ босқичида ютқазиш тугул ҳали бирор марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмаган Эрон бўлса ҳамки, бу мағлубият жуда аламли. Назарий томондан гуруҳда иккинчи ўринни олиш учун ҳали имконият бор. Плей-оффда барчасини ижобий томонга ўзгатиришимиз ҳам мумкин. Аммо бу мағлубият вазиятни  бироз чигаллаштирди. Бу ўйинда Эрондан очко олишимиз стратегик томондан ҳам жуда муҳим эди. Чунки, Эрон очко йўқотган тақдирда мундиал йўлланмаси учун курашни давом эттирарди. Афсуски, энди форслар учун қолган икки учрашув шунчаки расмиятчилик мақомида ўтади. 

Самвел Бабаян Эронга Тошкентда ютқазганидаёқ босим остида қолганди. Кейинги ўйинда Хитой устидан ғалаба қозониб, Жанубий Кореяга катта иштиёқ билан йўл олганди. Бироқ Бабаян шогирдлари ҳисобда олдинда бораётиб, якунда мағлубиятни тан олишга мажбур бўлишганди. Кейин Малайзияда кутилмаганда Сурияга имконият бой берилгач, менежерликдан мураббий бўлишни уддалаган мутахассисга бўлган ишонч жуда камайиб кетди. Йўқотилган очколар ва тинимсиз танқидлар натижасида Бабаяндаги босим янада ортди. Теҳронга жўнаш олдидан бунга яна икки фактор ҳам қўшилди. 2012 йил ноябрда Миржалол Қосимов қўл остида терма жамоамиз Теҳрондан ғалаба билан қайтганди. Доим Абрамов ва Қосимовнинг фаолияти билан солиштиришлардан чарчаган мураббий 5 йил олдингидек ижобий натижага эриша олмаса, унинг терма жамоага муносиб эмаслиги ҳақидаги гап-сўзлар кўпайгандан-кўпаярди. Бабаянинг зиммасида “агар унинг ўрнида Қосимов бўлганида ҳаммаси бошқача бўларди” дегувчиларнинг овозини ўчиришдек мураккаб вазифа ҳам турарди. Иккинчидан, терма жамоанинг етакчи футболчилари Виталий Денисов ва ушбу саралаш босқичида энг кўп (2та) голимизни урган, ҳозирда яхши спорт формасида бўлган Марат Бикмаевнинг жароҳати туфайли таркиб оптимал кўриниш олмади. Энг катта йўқотиш мана шу икки футболчи эди. Шундай бир мураккаб пайтда Самвел Бабаян Теҳронда ғалаба қозониб, туб бурилиш қилишга ҳаракат қилди. Шу сабабли икки нафар марказий ҳужумчини бошланғич таркибда майдонга туширди. Теҳронда гуруҳ пешқадами Эрон терма жамоасига қарши очиқ футбол таклиф қилди. Гуруҳдаги вазиятдан келиб чиқсак, аслида дуранг ҳам биз учун ёмон натижа эмасди. (Сурия билан Малайзияда ўтган ўша ғалати ўйинни эсланг. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида футболчиларимиз ҳужумга зўр беришганди. Ҳужумда тўп йўқотиш сабабли қарши ҳужумни ўтказиб юборгандик. Оқибатда ўша пенальти ва чўнтагимизда турган 1 очкодан ҳам қуруқ қолгандик. Ўзи бу Бабаян деганларининг шахсий луғатида ДУРАНГ сўзи борлигига шубҳам бор).

Хуллас,  яқинда “Пахтакор”даги узоқ йиллик диктатурасига чек қўйилган собиқ “диктатор” “Озодий”да барча масалани узил-кесил ҳал қилмоқчи бўлди. Агарда ғалаба қўлга киритилганида ҳамма-ҳаммасига ЖАВОБ бўларди бу. Аммо бир вақтлар Алекс Фергюсондек даҳонинг қўл остида ишлаб, унинг севимли ёрдамчисига айланган (португалиялик мутахассис “Реал”га бош мураббий сифатида таклиф этилганида сэр Алекс уни қўйворишни истамаганлигини, фақатгина шогирдининг келажагини ўйлагани учунгина бунга рози бўлганилигини кейинчалик ўз кундаликларида очиқ-ойдин тан олган) Карлос Кейруш мураббийликда анчагина тажрибасиз бўлган ҳамкасбига мастеркласс ўтиб қўйди.  

КЕЙРУШЧА ПРАГМАТИКА
Ўйин олдидан иккита муҳим эътиборга молик статистик маълумот бор эди. Мураббийлар штаби томонидан мана шу икки фактор Эрон терма жамоасига қарши ўйинга тайёргарлик жараёнида эътиборга олиниши керак эди. Биринчи статистика Кейруш ЖЧ-2014нинг ҳал қилувчи саралаш босқичида фақат Қосимовнинг жамоасига қарши ўйинда мағлубият учраган. Ушбу саралаш босқичида эса ҳозирча ютқазмади. Иккинчи статистика, гуруҳ босқичида форслар ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб келишяпти. Кейруш ҳам ўйинни ватандоши Жозе Моуриньо сингари ҳимоядан қуради. Биласиз, Моуриньо қайси жамоада фаолият олиб борган бўлса энг аввало метин ҳимоя қўрғонини барпо этишга ҳаракат қилади. “Челси”га биринчи марта келган вақтларда журналистларга интервью берар экан, “Менга ҳужум қилишдан кўра ҳимояда штурм ташкил этиш кўпроқ ёқади. Бу худди мустаҳкам қалъада туриб жанг қилишга ўхшайди” деган гапни айтганди. “Порту” ва “Интер” билан Еврокубокларда ғалаба қозонишида бу клубларда ўзининг қарашларига мос жамоани шакллантира олгани асосий омил бўлганди. ЕЧЛнинг 2004/2005 йилги мавсумида нимчорак финалида Моуриньо қўл остида “Челси” Каталониянинг “Барселона”сига тўқнаш келади. Ўша пайтларда футбол оламида порлаётган Роналдиньо бошчилигидаги “Барса”нинг имкониятлари юқорироқ баҳолаётганди. “Ноу Камп”да ўтган дастлабки учрашувнинг дастлабки 15 дақиқасида каталонияликлар лондонликларни ҳимояга қамаб ташлаганди. Гуёки, савия борасида жуда катта тафовут бўлган жамоаларнинг ўйинига ўхшаш манзара кузатилганди. Аммо биргина қарши ҳужум билан “Челси” ҳисобни очганди. Тўғри, учрашувда Райкаард шогирдлари 2та жавоб тўпини киритган ҳолда ғалаба қозонганди. Икки ўйин натижасига кўра барибир Моуриньо жамоаси рақибдан устун келганди (Лондонда 4:2 ҳисоби қайд этилган). Ўшанда Моуриньо жаҳон футболига ўзига хос прагматик услуби билан кириб келганлигини бутун дунёга намойиш этганди. 2009/2010 йилги ЕЧЛ ярим финалида Моуриньо “Интер” билан яна “Барселона”га қарши ўзининг натижага асосланган тактикаси орқали муваффақиятга эришганди. Дастлабки учрашувда италияликлар ўз майдонларида 3:1 ҳисобида устун келишганди. Жавоб баҳсида эса даҳшатли “Барселона”ни тўхтатиш жуда қийиндек эди. Аммо Моуриньонинг прагматикаси қаршисида Гвардиоланинг “Енгилмас Армадаси” чорасиз қолганди.

Кейрушнинг Жозе Моуриньога ўхшаш жиҳатлари бор. У ҳам кўпроқ ватандоши каби натижани биринчи планга қўяди. Тўғри тактика танлаш ва тактик айёрликда ҳам Жозега ўхшаб кетади. Яна провакаторликда ҳам “Ўзгача инсон”дан қолишмайди. 2013 йилда Чой Кан Хи билан ОАВ орқали “жанг” бошлаб ҳаммани чалғитишга эришганди. Карлос Кейрушнинг мураббийлик қарашларига баҳо беришда (“Манчестер Юнайтед”да ёрдамчи мураббий, “Реал”да қисқа ва муваффақиятсиз ишлаган, Португалия термасида 2008-2010 йилларда) айнан Эрон термасидаги фаолиятининг ўзи етарли. Кейруш келган (2011 йил) пайтда Али Даи ва Али Каримилар даври тугаган ва Эрон Осиёдаги етакчилик мақомидан бироз тушган эди. Бир вақтлар ўзининг ҳужумкор ўйини ва футболчилари билан довруғ қозонган Эрон Кейруш қўл остида натижага асосланган тактикада ўйнашга аста-секинлик билан мослаштирилди. Ёдингизда бўлса, ЖЧ-2014 гуруҳ босқичида Месси, Ди Мария, Агуэро каби суперюлдузлари бор Аргентина термаси ҳам форслар дарвозасини ишғол қила олишмаганди. Унинг асосий қуроли Моуриньоникидан унчалик фарқ қилмайди. Мустаҳкам ҳимоя ва вазият бўлиши билан тезкор қарши ҳужумга ўтиш. Аллегрининг “Ювентус”и ҳам худди шундай услуб билан Чемпионлар Лигаси финалига етиб борганди. Хуллас, Эронда журналистлар томонидан кўп бора танқид қилинадиган мураббийнинг тежамкор, ақлли ва натижага асосланган тактик услуби ўзини юз фоиз оқламоқда. 

БАБАЯН ТАКТИК ТОМОНДАН ЮТҚАЗДИ
Юқорида ўтган саралаш босқичида фақатгина Миржалол Қосимов португалиялик мутахассисдан устун келган фактни таъкидлаб ўтгандим. Кейруш дисквалификация сабабли захирада ўтириб ўйинни кузатишга мажбур бўлган учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси Эрон устидан зафар қучиб, Тошкентдаги мағлубият учун муносиб ўч олганди. Ўша учрашувда ҳам биз учун ғалаба жуда керак эди. Аммо Қосимов дуранг натижа ҳам аслида қандайдир имкониятларни сақлаб қолишини ўйлаган ҳолда Кейрушга қарши ўзининг услубида прагматик ўйин таклиф қилганди. Ўйин давомида барибир қандайдир имконият бўлишини хотиржамлик билан кутилди ва 72-дақиқада Улуғбек Бақоев ғалаба тўпини эронликлар дарвозасига йўллаганди. Бабаян эса ўйинга бошқача ёндашди. Аслида дуранг ҳам биз учун қониқарли ҳисоб эди. Айниқса, Қатарнинг Жанубий Корея устидан ғалаба қозонганидан кейин 1 очконинг қийматидан ҳам кўра Эроннинг Кореяга қарши йўлланма учун майдонга тушиши муҳим эди. Чунки, Эрон ҳозир шундай савиядаки, максимал даражада имкониятларини ишга солса меҳмонда ҳам Жанубий Кореяни енга олади. Биз эса очко олиш тугул тўплар нисбатини ҳам ёмонлаштириб юбордик 6:6. Самвел Бабаян кўпроқ ғалаба ҳақида ўйлади. Шу боис рақибнинг имкониятларидан келиб чиқиб эмас, ўзимизнинг ички имкониятларга катта аҳамият қаратди. Шогирдларини яхши руҳлантира олгани илк дақиқаларданоқ сезилди. Агар рақиб Қатар, Хитой ёки Сурия бўлганида бу ёндашув тўғри бўларди, аммо аксарият футболчилари легионерлардан иборат бўлган Эрон терма жамоасига қарши бундай тактика танлаш катта таваккал эди. 3-тур доирасида Тошкентдаги баҳснинг дастлабки дақиқаларида Эрон ўйинни фаол бошлаганди. Бунга жавобан бизникилар ҳам ортиқча эҳтиёткорликни четга суриб қўйиб, очиқ футбол ўйнай бошлашганди. Натижада меҳмонларнинг қарши ҳужуми Ислом Тўхтахўжаевнинг қоида бузиши билан тугаган, стандарт вазиятдан дарвозамиз ишғол қилинганди. Кейин эса Эрон ҳимояга мустаҳкам ўрнашган ҳолда ўйинни давом эттириб, ғалабани сақлаб қолганди. Бу Кейрушнинг ўзига хос услуби. Аввал рақибга очиқ футбол таклиф этган ҳолда қизиштириб олади ва кейин хатосини кутади. Бу гал ҳам шунга яқинроқ сценарий гувоҳи бўлдик. Бошида Эрон ҳужум қилди, ҳужум қилишимизга имкон берди. Сўнг бизникиларни орқароқда кута бошлади. Ҳужумга ўтаётган паллада тўпни йўқотдик. Тезкор қарши ҳужум натижасида Сардор Ўзмун яккама-якка ҳолатга чиқарилди. Натижада Лобановнинг оёқлари орасидан ўтиб кетган тўп дарвозамиз тўридан жой олди. Аҳамият берган бўлсангиз, Ўзмунга тўп узатилаётган пайтда марказий ҳимоячиларимиз майдон марказида эди!!! Кўряпсизми, Бабаян танлаган тактика Кейруш учун айни муддао бўлганини? Аслида Эрон мезбон эди, гуруҳда пешқадам эди. Мухлислар қаршисида ҳужумкор ва чиройли ўйин қилиши ҳам мумкин эди. Лекин Кейрушдек тажрибали мураббийлар муҳим баҳсларда бундай “риск” қилишмайди. Яна ўйинга қайтамиз. Бу сафар вакилларимиз Сурия ёки Таиланд билан ўйиндагидан анча фарқли ўйин кўрсатишди. Яккакурашларда рақибдан кўпгина вазиятларда устунлик қилишди. Ҳатто мезбонларни бир неча бор хато қилишга мажбур этишди. Тўп назорати борасида ҳам устунликка эга бўлишди. Агар Абдухолиқовнинг узатмасини Шомуродов голга айлантирганида якун умуман бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо Элдорнинг бир ёмон одати бор тўпни қабул қилаётганда кўпинча ўзидан бир узоқлаштириб кейин уни ўзига бўйсундиришга ҳаракат қилади. Ўша вазиятда бир ҳаракат билан тўпни эгаллаб олганида гол киритиш имкониятига эга бўларди. Афсуски, унинг ана шу камчилиги бизга панд берди. Темурхўжанинг ўзи ҳам яхши вазиятни йўққа чиқарди. Жарима майдончасига яхши кириб борди-ю, жуда қулай вазиятда, аниқроғи дарвозага шунчаки тўпни йўналтириб қўйиш мумкин бўлган ҳолатда турган шерикларига тўпни узатиш ўрнига ўзи ноаниқ зарба йўллади. Умуман олганда майдонда диспетчер йўқлиги яққол сезилди. Кўплаб ҳужумларимиз ноаниқ узатмалар туфайли якунига етмасдан қолди. Чап қанотда Денисовнинг йўқлиги сезилиб турди. Андреев кутилмаганда жароҳат олгач, уни ўрнига ўтиб ҳаракат қилган Шораҳмедов ҳужумларга ўтишда фаол бўлди-ю фақат рақиб жарима майдончасига узатган тўплари жуда ноаниқ бўлди. Чапақай эмаслиги панд берди унга. Белгиланган пенальти ҳақида тўхталишни истамайман.

Ўйинда ҳакамлар ишлаб турар экан, биз ўзбекларга ғалаба қозониш ҳар доим қийин бўлади! Фақат мезбонлар пенальтидан фойдалана олишмагач, руҳий устунлик биз томонга ўтишини кутгандим. Аммо рақибнинг икки қаватли ҳимоя деворини ёриб ўтиш футболчиларимизга насиб этмади. Бош мураббийимизга мазкур ўйин учун танланган тактикадан бошқа яна бир эътирозим бор. Яхши ўйнаб турган, Абдухолиқовни захирага олиш хато бўлди. Менимча, Машариповни Шомуродовнинг ўрнига тушириш лозим эди. Чунки, ўйин картинасида Элдордан кўра Темурхўжанинг ўйини нисбатан ёрқинроқ кўринаётганди.

Ўйин охирида термамиз устози ўйинни қутқариш мақсадида олдинга катта кучни ташлади ва бунинг оқибатида қарши ҳужумда Эрон бизни яна бир бор жазолади. Мана шу гол форсларни ЖЧ-2018га олиб чиқди, Бабаянни эса мағлубиятни тан олганча, ўйиннинг сўнгги дақиқаларини ўтирган ҳолда кузатишга мажбур қилди. Ўйиндан олдин мураббийларимиз томонидан ваъда қилинган Эронга тайёрлаб қўйилган “совға” аслида 2018 йил ёзида Россияга бориш йўлланмасини берувчи мундиал ЧИПТАси экан!

ҒАРБИЙ ФРОНТДАН ЁРДАМ
Шу тариқа, Бабаянга қўшилиб ҳаммамиз ўйчан ҳолатда қолгандик. Бахтимизга 13июндан 14 июнга ўтар кечаси Қатар терма жамоаси ўз майдонида гуруҳдаги асосий рақибимиз Жанубий Кореяни мағлубиятга учратиб, кўнглимизда умид чироғини ёқди. Ҳасан Ҳайдос ўзбекларнинг Мундиалга чиқишини шу қадар истаган эканки, кореялик ҳимоячиларга умуман тинчлик бермади. Агар миллий терма жамоамиз 2-ўрин билан Россияга бориш йўлланмасини қўлга киритса, шу йигитга Ўзбекистоннинг исталган гўшасида мазза қилиб ҳордиқ чиқариш имконини бериш керак. Тағин бунга қўшиб Ўзбекистон қаҳрамони деган унвонини ҳам берса бўлади. Ахир ўзимизникилар ҳам унингчалик жон куйдирмаганди шу пайтгача.

Кореянинг мағлубиятидан сўнг гуруҳдаги вазият биз учун деярли ўзгармай қолди. Принципиал рақибимиз бўлган корейсларда 13, бизда эса 12 очко. Энди бизни минимум битта ғалаба ҳам Жаҳон чемпионатига олиб чиқиши мумкин. Фақат бунинг учун форслар ўзлари учун кераксиз учрашувда мезбон Жанубий Кореяни ютиши керак. Биз эса Тошкентда айнан Корея устидан ғалаба қозониб, тарихий натижага эришишимиз мумкин. Яна бир вариантга кўра 4 очко бизни ЖЧга олиб чиқади. Термамиз Хитойда дуранг ўйнайди, Тошкентда эса ғалаба қозонади. Бунда Эрон Кореяга ютқазмаслиги керак. Бошқа бир вариантда Эрон-Корея дуранг ўйнайди ва биз Чин юрти термасидан устун келамиз, Тошкентда эса дуранг натижа ҳам биз учун етарли бўлади. Агарда максимал 6 очко олсак, яъни қолган икки учрашувда ҳам ғалаба қозонишни уддаласак юз фоиз мундиалга йўл оламиз. Бунда Эрон-Корея учрашуви натижаси аҳамиятсиз бўлиб қолади. Хуллас, энди ҳаммаси ўзимизга боғлиқ бўлиб қолди. Фақат кейинги учрашувларга қадар термамиз ўйинини кучайтириш зарур. Чунки, машҳур Марчелло Липпи мураббийлик қилаётган Хитой термаси ҳам ижобий томонга ўзгаряпти. Корейслар эса Улье Штиликени истеъфога чиқаришди. Сентябргача вақт ҳали кўп. Янги мураббий бу вақт ичида инқироздаги терма жамоани ўзига келтириб олиши мумкин. Жанубий Кореяда юқори савияли футболчилар етарлича топилади. Гап уларнинг ўйинини ўзгартиришда. Тошкентда биз умуман бошқача Кореяни кўришимиз ҳам мумкин. 2 ойдан кўпроқ вақт мобайнида футболимиз мутассаддилари миллий терма жамоамизнинг бўлажак учрашувларига муносиб тайёргарлик кўриши учун имкониятларни максимал даражада ишга солган ҳолда барча шароитларни яратиб бериши керак. 

Тақдирнинг ҳазилини қаранг, 4 йил олдин Жанубий Корея сўнгги турда Эронга ўз майдонида ютқазиб бизни аламли тарзда қолдириб, форсларни Бразилияда ўтган ЖЧга олиб чиққанди. Энди корейсларнинг ўзлари Эроннинг кўмагига муҳтож. Қизиқ, сеньор Кейруш эски “қарз”ини эсидан чиқарганмикан? Бизнинг эса Корея термасида аламимиз бор. Бу сафар Сеулда энди Эронга мухлислик қиламиз. Кўрамиз, Ҳайдосдек мард йигит форсларда топилармикан?..

Раҳим ЮСУФ АЛИ