Ўзбекистон ўз ҳудудида истиқомат қилувчи қирғизларга ғамхўрлик билан муносабатда бўлмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонасида маълум қилинган.

Бундан аввалроқ Қирғизистон Республикаси омбудсмени ҳисоботида энг кўп этник қирғизлар Ўзбекистон ҳудудида яшаши айтилганди - 300 минг киши. Унинг ҳисоботида Тожикистондаги каби Ўзбекистондаги қирғизлар ҳам Қирғизистонга кўчиб ўтишни исташади, сабаби - бу республикаларда уларнинг ҳуқуқлари чекланган: қирғиз тилидаги мактаблар ёпилгани, ишга қабул қилишдаги ажратишлар шулар жумласидан.

Аммо ўзбекистонлик дипломатлар бу баёнот текширилмаган маълумотлар асосида берилганини иддао қилишади.

«Ўзбекистонда ҳамиша барча фуқароларга тенг қаралган, жумладан миллати қирғиз бўлганларга ҳам. Улар учун жамиятда барча ҳуқуқ ва шароитлар яратилган», — дейилган хабарда.

Ўзбекистонда қирғиз тилида 56 мактаб мавжуд бўлиб, уларда 8 мингдан ортиқ бола таълим олади. Андижон давлат университетида «Она тили ва адабиёти: қирғиз тили ва адабиёти» бакалавриати мавжуд бўлиб, 2015/2016 ўқув йилида унга 75 нафар талаба қабул қилинган.

Ўзбекистонда 6та маданий марказ мавжуд — Андижонда, Наманганда, Фарғонада, Жиззахда, Сирдарёда ва Тошкентда (1995 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган бу марказ Ўзбекистондаги қирғизларнинг маданий марказларини бирлаштиради).