“Қизил ярим ой” жамиятининг собиқ ходими Бухорода 20 дан ортиқ фуқароларни ўз тузоғига илинтирди

Жамият 16 Июнь 2017 8752

Бухоро шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган У.Саидаҳмедов “Қизил ярим ой” жамиятида фирибгарлик, мансаб сохтакорлиги каби қинғир ишлар билан ном чиқарди. У ўзининг мансаб ваколатидан фойдаланиб, жуда кўплаб фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг муаммоларини Бухоро шаҳар ҳокими орқали ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, алдов йўли билан улардан жуда кўп миқдордаги пул ва бошқа модий қимматликларни қўлга киритган. Бу ҳақда Кун.uz’га Бухоро ИИБ хабар берди.

Жумладан, Бухоро тумани, Работипоён МФЙда яшовчи, нафақадаги  М.Фаттоевадан ўзи ишлаб келаётган “Қизил ярим ой” жамиятининг хизмат хонасида жами 20.300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, ушбу пуллар эвазига унга Бухоро шаҳар ҳокими билан келишиб, Бухоро шаҳридан арзон нархда уй олиб беришни ваъда қилиб, М.Фаттоевани ишонтириш мақсадида турар жой қуриб берилиши тўғрисидаги сохта шартномани ҳамда пул қабул қилганлиги тўғрисидаги сохта тўлов квитанцияларини бериб,  унинг ишончига кириб, алдаб, пора беришга қизиқтириб, жабрланувчига жами 78.651.335 сўм миқдорида моддий зарар етказиб фирибгарлик, мансаб сохтакорлиги ва пора беришга суиқасд қилиш жиноятларини содир этган.
         
Шунингдек, У.Саидаҳмедов ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, Бухоро туманида яшовчи фуқаролар, жумладан, Б.Халилов, Ш.Бахронов ва М. Аминовларнинг ҳар биридан 15.000 АҚШ долларидан пулларни алдов йўли билан қўлга киритиб, бир қатор жиноятларга қўл урган.
       
Ҳозирги кунда фуқаро У.Саидаҳмедовга нисбатан айб эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Кўпроқ янгиликлар