Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 16 июнь куни пойтахтнинг Учтепа туманига ташриф буюрди. 

«Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тижорат банклари томонидан ишлаб чиқариш корхоналарини молиялаштириш, уларни имтиёзли кредитлар билан таъминлаш бўйича замонавий тизим яратилди», дейилган ЎзА хабарида.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан Учтепа туманида 2017 йилда молиялаштириладиган лойиҳалар тўғрисидаги маълумотлар ўзининг истиқболли йўналишлари билан ажралиб турди. Тиббий хизматлар кўрсатиш, қурилиш материаллари, кимё саноати, мебел, фармацевтика, чарм-пойабзал каби йўналишлардаги 70 га яқин лойиҳада 1000 га яқин иш ўрни яратилади. Yurxas МЧЖ томонидан сифатли ва жаҳон андозалари даражасидаги газлама ва матоларни бўяш цехи ишга туширилади. 2017 йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топшириладиган корхонада 60 иш ўрни яратилади.

«Байкал-КМУ» МЧЖ ҳам жорий йил якунига қадар ўз фаолиятини бошлайди. Ер унумдорлигини ошириш учун «Байкал ЭМ-1» микробиологик ўғитлари ишлаб чиқарадиган корхона маҳсулотларини Туркия, БАА, Ҳиндистон ва Покистонга экспорт қилиши кутилмоқда. Avikon tex, Urologic complex масъулияти чекланган жамиятларида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турли касалликлар профилактикаси бўйича тиббий хизматлар кўрсатилади.

«Ипотека-банк» иштирокида амалга оширилаётган лойиҳада мебел саноати учун декор қоғозлар ишлаб чиқарилади. Хитой ва Туркиядан замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатиладиган корхона 2018 йилда ишга туширилади. Бундан ташқари, банк иштирокида 1 минг 200 тонна балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилади.

Йилига 148 тонна қувур ва 400 минг дона фитинг ишлаб чиқаришга ихтисослашган Аrt Dekor Group МЧЖда 60 кишининг бандлиги таъминланади.

Шавкат Мирзиёев маҳсулот ишлаб чиқаришдан олдин унга бозор топиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Президентга 2017 йилда Учтепа туманининг саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантириш йўналишидаги инвестиция лойиҳалари тўғрисида маълумот берилди. Маълумотларда соҳа йўналишлари, хизматлар тури, яратиладиган иш ўринлари, ажратиладиган маблағлар миқдори, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар тури ўз аксини топган.

Халқ банки томонидан молиялаштирилаётган Аrtikor МЧЖ тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Йилига 150 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхонада 60 киши ишга жойлашади.

Президент мазкур лойиҳаларни янада такомиллаштириш, иш ўринларини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.