Чилилик журналист Диего Гаспара Мирандадан Москва вилоятидаги Домодедово аэропортидан Москвадаги "Краун Плаза" меҳмонхонасигача бўлган йўл учун 50 минг рубль олган таксичи полиция томондан ушланди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. Таъкидланишича, аэропортдан меҳмонхонагача йўл 50 км ни ташкил қилади. 

Журналист Москвага 16 июнда Россияда бўлиб ўтадиган Конфедерациялар кубогини ёритиш учун келган. У таксичига 60 минг рубль берган, таксичи эса йўл ҳақи учун 50 минг рубль олиб қолиб, 10 минг рубль қайтим берган. Яъни таксичи 50 км йўл учун жорий курс бўйича тахминан 900 долларга яқин пул олган. 

Бироқ чилилик, кўринишича, валюталар курсидан хабар топгач, алданганини пайқаб, полицияга мурожаат қилган.

Таксичи Москва вилоятида яшовчи эркак бўлиб чиққан. У Radio Chili журналистини манзилга Mercedes машинасида элтиб қўйган. Айни вақтда гумонланувчи полиция бўлимида ушбу ҳолат юзасидан кўрсатма бермоқда. Унга нисбатан "Тўловни олишда фирибгарлик қилиш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. 

Конфедерациялар кубоги 17 июнда старт олади. Мусобақалар Москва, Қозон, Сочи ва Санкт-Петербургда бўлиб ўтади. Чили В гуруҳида Камерун, Австралия ва Германия билан бирга ўйнайди. А гуруҳида эса Россия, Янги Зеландия, Португалия ва Мексика ўзаро баҳс олиб боради.