16 июнь кунги матбуот анжуманида журналистлар олдида чиқиш қилар экан, Самарқанд шаҳар ҳокими В.Раҳимов шаҳарда трамвай қатнови янада кенгайтирилишини таъкидлаб ўтди.

«Айни пайтда Сартепа массиви ва Темир йўл вокзали йўналишида трамвай қатнамоқда. Трамвай йўли ётқизилгунга қадар бу одамларга ёқмади, «трамвай шаҳарда бошқа транспорт қатновига халақит беради», дея унинг қурилишини бекор қилишни сўраб президентнинг виртуал қабулхонасига ёзганлар ҳам бўлди», — деди анжуманда шаҳар ҳокими В.Раҳимов.

«Лекин вақт ўтиб равшанлашдики, трамвай одамлар учун ҳам, маҳаллий бюджет учун ҳам, атроф муҳит учун ҳам ўта фойдали, хавфсиз ва қулай транспорт бўлиб чиқди», — деди у.

«Трамвайни хавфсиз транспорт дедим, фурсатдан фойдаланиб, яқинда у билан боғлиқ шаҳаримизда рўй берган нохуш воқеа ҳақида изоҳ бериб ўтсам. Айни пайтда трамвай ҳайдовчиларининг барчаси Тошкентдан келишган. Уларнинг ёнига икки-уч нафар маҳаллий стажёрлар қўйганмиз. Ўша куни эҳтиётсизлик оқибатида бурилишда трамвай ўз изидан чиқиб кетиб, ўртадаги устунга урилган ва уни қулатган. Ҳеч кимнинг жонига ҳеч қандай зарар етказилгани йўқ», деди Самарқанд шаҳри ҳокими В.Раҳимов.

«Вокзалдан Сартепагача трамвай муваффақиятли қатнаб турган бўлса, айни пайтда Рудакий кўчаси бўйлаб Сиёб бозори томон трамвай йўли ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Келгусида трамвай йўналишини Гагарин кўчаси ва Амир Темур кўчаси бўйлаб, Нарпай йўли кўчаси орқали Кимёгарлар қўрғонигача етказиш мўлжалланган», деди В.Раҳимов.

«Айни пайтда Самарқанд темир йўл муҳандислари касб-ҳунар коллежи базасида трамвай ҳайдовчилари тайёрлаш бўлими очилган. Яқин кунларда шаҳримизда қатнаётган трамвайлар сони эса 35 тага етказилади», деди шаҳар ҳокими.