Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 16 июнь куни пойтахтнинг Учтепа туманига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Президентимиз дастлаб туманда бунёд этилиши режалаштирилаётган кўнгилочар ва истироҳат боғи лойиҳаси билан танишди. 

Олти гектарга яқин майдонга эга мазкур истироҳат боғида замонавий, хавфсиз, энергиятежамкор аттракционлар, болаларнинг интеллектуал салоҳиятини оширадиган ўйин қурилмалари, сузиш ҳавзаси, фаввора, китобхонлик учун махсус жой, скейт ва гуллар майдончалари, савдо шохобчалари, автомобиллар турадиган жой ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари қурилиши кўзда тутилган. 

Президентимиз истироҳат боғи лойиҳасини янада мукаммалаштириш, унинг атрофида замонавий гипермаркет бунёд этиш, унда замонавий кинотеатр, кутубхона ва бошқа зарур дам олиш масканлари бўлиши, бунёдкорлик ишларида Жанубий Корея, Япония каби давлатлар тажрибасидан фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб, мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.