ТИВ раҳбари ўринбосари: “Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати БМТ фаолиятига ҳамоҳангдир”

Ўзбекистон 16 Июнь 2017 2295
Фото: ЎзА

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан, 2017 йил 10 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонга келди. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Анвар Носиров «Жаҳон» АА мухбири билан бўлиб ўтган эксклюзив суҳбат чоғида мазкур ташриф якунлари ва ушбу глобал тизим билан амалга оширилаётган биргаликдаги ишлар ҳақида сўзлаб берди.

“Аввало шуни қайд этишни истар эдимки, юқори мартабали меҳмоннинг ушбу ташрифи жаҳон ҳамжамияти, хусусан, БМТ томонидан Ўзбекистоннинг замонавий ривожланишига нисбатан улкан қизиқишнинг мавжуд эканлигидан далолат беради.

Мамлакатимизда ўз ваколатхоналарини очган ушбу ташкилотнинг қатор ихтисослашган муассасалари рўйхати эътиборга молик бўлиб, ўзаро ҳамкорлигимиз нуқтаи назаридан улар кўпгина соҳаларни қамраб олган.

Ҳамкорлигимиз БМТнинг қатор асосий ҳужжатларига асослангани ҳолда, уларнинг босқичма-босқич ҳаётга тадбиқ этилиши ўзбек халқи фаровонлиги йўлида янада юксалишга ҳамда гуллаб-яшнашга эришишимизга кўмаклашмоқда. Хусусан, Барқарор ривожланиш мақсадларини республикамиз шароитларига мослаштириш устида биргаликда иш олиб бормоқдамиз. Халқаро тамойилларга мувофиқ ҳолда Барқарор ривожланиш мақсадларининг миллий кўрсаткичлари ҳамда индикаторлари ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Шубҳа йўқ-ки, мазкур глобал тизим билан ҳамкорлик ҳақида гапирар эканмиз, БМТнинг Ўзбекистон тараққиётига кўмаклашиш бўйича доиравий дастури (ЮНДАФ) бандларини ҳаётга тадбиқ этиш юзасидан мамлакатимиз жиддий мақсадларни кўзлаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. ЮНДАФ ва Барқарор ривожланиш мақсадлари 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз аксини топганининг ўзи ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Умуман олганда, босиб ўтилган йўлга назар ташлар эканмиз, шуни ишонч билан айтишимиз мумкинки, самарали ҳамкорлигимизда тўпланган қимматли тажриба БМТнинг муҳим ҳужжатларида белгилаб берилган юксак мақсадлар йўлидаги самарали саъй-ҳаракатларнинг бардавомлиги учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

- Ҳамкорлигимиз умумбашарий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалаларини ҳам қамраб олган. Сиз Ўзбекистоннинг БМТ доирасида ташаббусларни илгари суриш ва амалга ошириш бўйича тўплаган тажрибасини қайдай баҳолайсиз?

- Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати, унинг қарама-қаршиликларни дипломатия йўли билан ҳал этишни кўзлаши, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари БМТ фаолиятига ҳамоҳангдир.

Масалан, республикамиз Афғонистондаги вазиятни тезда нормаллаштириш муаммосига кенг миқёсли минтақадаги тинчлик ва хавфсизликнинг муҳим қисми сифатида қарайди. Ўзбекистон қўшни мамлакатда тинч ҳаёт ўрнатилиши бўйича афғонларнинг ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлагани ҳолда Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклаш дастурлари амалга оширилишига салмоқли ҳисса қўшмоқда, жумладан, унинг ҳудудида кўпгина инфратузилма объектларининг қурилишига кўмаклашмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти Консепциясидаги асосий вазифалардан бири - Марказий Осиёда тинчлик ҳамда барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, минтақани хавфсизлик ва барқарор ривожланиш ҳудудига айлантириш вазифасини амалга ошириш бўйича мамлакатимиз томонидан ташланаётган қадамларга БМТ юқори баҳо бермоқда. А.Гутерриш ўз ташрифи чоғида Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, уйғунлик ва бағрикенглик муҳити БМТнинг асосий мақсадлари ва тамойилларига тўла мувофиқлигини қайд этди.

- Ўзбекистонга ташрифи чоғида БМТ Бош котиби Орол денгизи минтақасида бўлди. Оролбўйи ҳудудининг ривожланишини қўллаб-қувватлашда БМТга аъзо давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларингизни ўртоқлашсангиз.

- Биз экология соҳасида ушбу ташкилот билан самарали ҳамкорлик қилмоқдамиз. Ўзбекистон бу йўналишда умумсайёра миқёсида аҳамият касб этадиган муаммо - кечиктирмасдан ҳал қилиниши лозим бўлган Орол денгизи инқирозини бартараф этиш юзасидан жаҳон ҳамжамиятининг диққатини жалб этишга жиддий эътибор қаратмоқда.

Ҳозир бу ноёб сув ҳавзасини аввалги ҳолида қайта тиклаш ҳақида гапириш ғайри имкон. Шу боис, биринчи даражада Оролбўйи биологик фондини сақлаш, минтақада истиқомат қиладиган аҳоли ҳаётий фаолияти ва саломатлигига экологик инқирознинг ҳалокатли таъсирини камайтириш масалаларига эътибор қаратиш лозим. Бу масаланинг жиддийлигини ҳисобга олиб, 2008 йил март ойида мамлакатимизда Тошкентда «Орол муаммолари, уларнинг аҳоли генофонди, ўсимлик ва ҳайвонот оламига таъсири ҳамда оқибатларини енгиллаштириш учун халқаро ҳамкорлик чора-тадбирлари» мавзусига бағишланган халқаро конференция ўтказилган ва унда БМТ вакиллари фаол иштирок этган эди. 2014 йил октябрида Урганч шаҳрида ўтказилган «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусидаги халқаро конференцияда эса БМТ Бош котиби ўринбосари Кристиан Фриис Бах, БМТ Тараққиёт дастури маъмурининг ўринбосари Ойша Жаҳон Султонўғли, ЭСКАТО ижрочи котиби ўринбосари Шун-ичи Мурата иштирок этди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 63-сессиясида Ўзбекистон ҳаммуаллифларидан бири бўлган «Оролни қутқариш халқаро жамғармасига Бош Ассамблея ҳузурида кузатувчи мақомини бериш тўғрисида»ги резолюция умум қўллаб-қувватлашига сазовор бўлган энг муҳим ҳужжатлардан бири бўлди. Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасидаги раислиги доирасида ишлаб чиқилган Орол денгизи қуришининг оқибатларини тугатиш ва Оролбўйидаги экотизим инқирозини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури 2013 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеяси 68-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ушбу халқаро ташкилот шафеълигида Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудуди бўйича махсус Траст жамғармасини тузиш тўғрисидаги ташаббуси ҳам БМТ томонидан қўллаб-қувватланди.

Яқинда биз 2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича Давлат дастурини қабул қилдик. Бу ҳужжат Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш, экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, маҳаллий аҳоли турмуш кечириши шароитларини яхшилаш бўйича 67 та лойиҳа ва тадбирни амалга оширишни кўзда тутади. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 8,4 триллион сўмдан зиёдни ташкил этади. Давлат дастури иш ўринларини яратиш, минтақанинг сармоявий жозибадорлигини ошириш, соғлиқни сақлаш, одамларнинг уй-жой шароитлари, ҳудудлар ободонлаштирилишини яхшилаш, болалар ва спорт майдончаларини барпо этиш, аҳоли пунктларининг транспорт, инженерлик ва коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш, Нукус ва Урганч иссиқлик таъминоти тизимларини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олган.

Мазкур ташрифдан кейин Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш борасида БМТ тизимлари ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги саъй-ҳаракатларнинг мувофиқлашуви кучайишига ишончим комил.

Кўпроқ янгиликлар