Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу 16 июнда Саудия Арабистонига Қатар ва минтақадаги давлатлар ўртасидаги инқирозни ҳал қилиш бўйича музокаралар ўтказгани жўнайди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.   

Аввалроқ жорий ҳафтада Човушўғлу  Қатар пойтахти Доҳага ташриф буюриб, ихтилофни ҳал қилиш учун музокаралар ўтказганди.

Унинг айтишича, Туркия шу вақт ичида ихтилофнинг бирор томонига ён босмаган ҳолда босиқ сиёсатни олиб борган ва уни ҳал қилиш учун янги чоралар кўради.

Човушўғлу инқирозни ҳал қилишда Саудия Арабистонининг етакчилик қилишини кутаётганини таъкидлаб ўтди. У санкция ва эмбарголар ихтилофни ҳал қилишга ёрдам бермаслигини қўшимча қилди.