Мухлислар ўртасида ўтказилган сўровнома якунларига кўра, «Бешиктош» ҳужумчиси Женк Тўсун Европа Чемпионлар лигасининг якунланган мавсумидаги энг чиройли голи муаллифи бўлган. Бу ҳақда УЕФА расмий сайтида маълум қилинган.

Тўсунинг гуруҳ босқичида «Бенфика» дарвозасига урган голи (ўйин 3:3 ҳисобида якунланганди) мухлисларнинг 41 фоизи томонидан танланган.

Туркиялик ҳужумчи турнир финалида гол урган Марио Манжукич (19 фоиз), «Реал»нинг «Спортинг»га қарши ўйинида гол урган Криштиану Роналду (13 фоиз), «Барселона»нинг «ПСЖ»га қарши ўйиндаги голларидан бирига муаллиф бўлган Неймар (7 фоиз) ва бошқа бир қатор футболчиларни ортда қолдирган. Энг чиройли голлар рўйхатида Рикарду Куарежманинг «Динамо»га, Роналдунинг «Атлетико»га, Вадис Ожижанинг «Реал»га, Радамель Фалькаонинг «Монако»га, Роналдунинг «Бавария»га, Роберт Левандовскининг «Атлетико»га ҳамда Хуан Куардадонинг «Лион»га урган голлари ҳам бор.

Қайд этиш керакки, бундан аввалроқ УЕФАнинг техник кузатувчилари Манжукични мавсумнинг энг чиройли голи деб топишган, Тўсуннинг голи ўнликка ҳам кирмаганди.