Хитойнинг Alibaba гиганти 20 йилдан кейин катталиги бўйича дунёнинг бешинчи иқтисодиётига айланиши мумкин. Компания раиси Жек Ма шундай баёнот билан чиқди. Daily Sabah шу ҳақида хабар берди

"Агар компания икки миллиард истеъмолчига хизмат кўрсата олса, бу дунё аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Агар компания 100 миллион ишчи ўрнини ярата олса, бу аксарият мамлакатлар ҳукуматлари яратадиган ишчи ўринлардан-да кўп ҳисобланади. Агар компания ўз платформаларида 10 миллион даромадли корхоналарни қўллаб-қувватлай олса, бу иқтисодиёт деб аталади", - деди Жек Ма компания инвесторлари билан кечган учрашувда. 

Манинг сўзларига кўра, Alibaba 2020 йилга бориб Австрия, Эрон, Норвегия, Польша ва Швеция каби қатор мамлакатларидан ўтиб, 1 триллион АҚШ доллари кўрсаткичига эришиш ва 2036 йилда 2 миллиард мижозга хизмат кўрсатишни мақсад қилган. 

Жек Ма 2036 йилга бориб Alibaba 100 миллионга яқин ишчи ўринларини яратишини ва АҚШ, Хитой, Евроиттифоқ ҳамда  Япониядан кейин дунёнинг энг кучли бешинчи иқтисодиёти бўлишини прогноз қилди.