Аччиқ бўлса-да, тан олиш керак, бугун бу ибора нафақат давлат ташкилоти ходимларини, балки матбуотчиларни ҳам бош қашлашга мажбур қилмоқда. Сабаби, босма нашрлар сероб, обуначилар эса ўша-ўша.

Обуна мавсуми бошланиши билан ҳар бир газета-журнал ўз маҳсулотини тарғиб қилишга тушади. Сир эмаски, босма оммавий ахборот воситалари асосан обуна, реклама ва тижорат мақолалари ҳисобидан молиялаштирилади. Қайсидир амалдорнинг ёки ташкилот раҳбарининг аралашуви билан амалга оширилган обунани ҳисобга олмасак, ихтиёрий обуналар жуда камчиликни ташкил этади.

Хўш, нега ихтиёрий обуна кам?

Иқтисодчилар таъбири билан айтганда, маҳсулот харидоргир эмасми, демак у сифатсиз. Яхши маҳсулот шундоқ ҳам қўлма-қўл бўлиб кетади. Тўғри, маҳсулотни сифатсиз, дейиш, ўта нисбий тушунча. Нашрлар ичида ёритилган мавзулар долзарб бўлиши, ҳеч бир имловий ёки услубий хатолар учрамаслиги мумкин. Аммо керакли маълумот бўлмаса, газета ёки журнални харидор сотиб олмайди. Ёхуд газетани ўз вақтида етказиб бериш билан боғлиқ муаммо борми, демак, ўқувчининг таъби хира бўлиши табиий. Зеро, ахборот асрида бугунги маълумот кун ўтмай янгиланади. Эскирган гапни сотиб олиш кимга ёқарди?

Босма нашрлар ҳаддан зиёд кўп. Масалан, ўқитувчини тиббиёт, спорт, ҳуқуқ, сиёсат, қурилиш ёки иқтисод соҳасига оид газеталарга обуна бўлишга ундашади. Табиийки, харажатлар ортиб, у ўзи истаган нашрга обуна бўлишга шошилмайди. Тан олиш керак, кўпгина давлат ташкилотлари ўз ходимларини фаолиятига алоқаси бўлмаган нашрларга ҳам обуна бўлишга даъват этаверади. 

Нархнинг қимматлиги

Дарҳақиқат, бугун ихтиёрий тарзда обуна бўлиш жуда кам учрайди.  Боиси, маҳсулот сифати замон талабларига жавоб бермайди. Биринчидан, моддий база ачинарли ҳолатда, иккинчидан саҳифаларда ўз йўналишига алоқаси бўлмаган мақолалар сероб, учинчидан нашрни обуначига ўз вақтида етказиб бериш борасида ҳам муаммолар йўқ эмас. Мазкур муаммо ўз-ўзидан вужудга келмаган, албатта.

Ниманинг ҳисобига нарх қиммат?

Маълумки, аксарият нашрлар чоп этиш ҳаражатларини айнан обуна билан қоплайди. Етказиб берувчи ташкилотлар газета-журналларга қўшимча нарх белгиланиши обуначи учун қимматга тушиши тайин. Обуна камлиги боис, таҳририят етказиб бериш харажатларини обунадан қоплашга мажбур. Бироқ айрим Ғарб мамлакатларида етказиб бериш таҳририятнинг зарарига ишлайди. Нархларни арзонлаштириш мақсадидаги мазкур чора-тадбирлар обуна сонини ошириш ва реклама берувчилар эътиборини қозонишга қаратилган. Аниқроғи, Европа матбуотида таҳририятлар нашрни етказиб бериш харажатларини реклама ва эълонлардан тушган маблағлар ҳисобидан қоплайди. 

Польша Республикаси аҳоли сони ва иқтисодий жиҳатдан мамлакатимизга анча яқин. Мамлакатда матбуот соҳаси яхши ривожланган. Биргина, Wprost ҳафталик газетасини 2 миллиондан зиёд муштарий ўқийди. Обуна миқдорининг кўплигига сабаб нархи арзон ва газетани етказиб бериш хизмати мамлакат миқёсида жуда сифатли ташкил этилган. 

Дарвоқе, почта хизмалари ҳақида...

Ривожланган хорижий давлатларда бугун чиққан газета 2-3 соатда обуначи қўлига етиб боради. Албатта, Ўзбекистон почтасини инфратузилмасида 260 минг транспорт мавжуд АҚШ почта хизмати (USPS) билан таққослашдан йироқмиз. Бироқ бугунги технология асрида синовдан ўтган усулларни бемалол қўллаш мумкинлигини унутмаслик лозим. Яъни босмахоналарнинг вилоятлардаги ҳудудий бўлимларида бир вақтнинг ўзида чоп этиш йўлга қўйилса, обуначилар ҳам имкон қадар тез фурсатда газета-журналларни маълумотлар эскирмасдан олишга улгурарди. Нашрнинг янги сонини “PDF” форматда хоҳлаган манзилга юбориш на таҳририят, на босмахона учун қийинчилик туғдиради. Почта хизмати ишини енгиллаштириш, газетанинг ўқувчи қўлига тез фурсатда етиб боришини таъминлаш обуна сонини кескин ошириши турган гап. 

Маҳсулот сифатсизлигига ким айбдор?

Сўзимиз аввалида айтиб ўтганимиздек, ҳозирча аксарият нашрлар учун обуначилар ўша-ўша. Очиқроқ айтганда, газета-журналлар обунаси учун фақат давлат ташкилотлари ходимлари эмас, балки ҳар бир зиё изловчи шахс масъул эканини англаб етиш зарур. Дейлик, мамлакатимизда 33 миллион аҳоли бўлса, шундан бир миллиони ҳам қайсидир журнал ёки газетага обуна эмаслигига сабаб, обуначиларнинг аксари давлат ташкилотлари ходимлари эканидир. Мустақил обуначилар эса жуда кам. Газетани чоп этиш сифатига нашриёт, етказиб беришга почта хизмати жавобгар. Аммо ундаги материллар қониқарсизлигига таҳририят ва кадрлар тайёрлаш тизимидаги камчиликлар туфайлидир. Журналистларни тайёрлаш услубига эътибор берсангиз, олий ўқув юртларида асосан интернет, радио, ТВ, газета-журнал ва матбуот хизматига оид фанлар ўқитилади. Битирувчи эса журналистиканинг айнан қайси йўналиши бўйича мутахассис эканини ўзи ҳам билмайди. Аслида, ОАВнинг қайси тури бўлмасин, кадрлар маълум бир соҳага ихтисослашган тарзда тайёрланмоғи мақсадга мувофиқдир.

Алқисса, матбуотни ислоҳ этишда зарур чора-тадбирлар кўрилмоғи, бунинг учун керакли маблағлар ажратилиши лозим. Зеро, гап халққа зиё улашувчи, унинг мафкурасини озиқлантирувчи соҳа ҳақида боряпти.

Куни кеча Давлатимиз раҳбарининг "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқи ҳам айнан ана шу масалаларга бағишланди. Президентимиз анжуманда, жумладан, шундай деди:

“Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди. 

Демак, унга доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан олмаса ёки бу муҳит уни қониқтирмаса, нима бўлади, айтинглар? Бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излайди. Шунга йўл бермаслигимиз керак. Мана, гап нима ҳақида кетяпти! 

Бунинг учун ўзини жамиятимиз, ёшларимиз маънавияти, ғоявий-мафкуравий тарбияси учун масъул деб билган инсонлар – бу маҳалла ёки диний ташкилотлар бўладими, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёки катта таъсир кучига эга ижодкор зиёлилар бўладими – уларнинг барчаси айниқса фаол бўлишлари лозим. 

Афсуски, биз бу масалаларда ухлаб ўтирибмиз. Гапнинг очиғи шу: ухлаб ўтирибмиз. Душман эса ўз ишини қиляпти. Баъзи ўринларда ҳатто мақсадига ҳам эришяпти”. 

Мафкура тарқатувчи соҳанинг жиддий ислоҳ этилиши кўзланган самарани бериши муқаррар. Шунингдек, адашганларни тўғри йўлга солиш ҳамда мафкураси бузуқ ёшларни тарбиялашда ҳам мазкур ислоҳотлар муҳим аҳамиятга эга эканлиги айни ҳақиқат.

Шуҳрат Қобилов,
“Nuroniy” газетаси мухбири.