Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тубдан модернизация қилинади

Ўзбекистон 17 Июнь 2017 11832
Фото: "Кун"

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (НҚИЗ) тубдан модернизация қилиниши кутилмоқда. "Ўзбекнефтгаз" бошқарув раиси Алишер Султонов Халқаро Пресс-клубда бўлган учрашувда шундай маълумот билан бўлишди. 

Тадбирда қатнашган "Кун.уз" мухбирига кўра, Султонов бугунги кунда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тақдири устида бош қотирилаётгани, унинг фаолиятига чек қўйилмаслиги, шунчаки қайта ташкил этилишини маълум қилди. 

"Ўзбекнефтгаз" раҳбарининг сўзларига кўра, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Марказий Осиёдаги ягона шундай объект ҳисобланиб, катта салоҳиятга эгадир.

"Аслида завод совет даврида қурилган. Ҳозир нефть-кимё, маиший кимё, замонавий мойларни оладиган бўлсак, бу заводнинг салоҳияти жуда катта. Мутахассисларнинг салоҳияти ҳам юқори. Ўйлашимча, унинг келажаги бор ва биз бундан кейин унинг фаолиятини тиклаймиз", - деди Алишер Султонов.

Фарғона НҚИЗ ёнилғи-мой материалларини ишлаб чиқариш бўйича минтақадаги етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. У ўз фаолияти давомида 60 турдан ортиқ нефть маҳсулотларини ишлаб чиқарган. Бугунги кунга келиб корхона модернизацияга муҳтож. "Ўзбекнефтгаз" бу борада етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик вариантларини кўриб чиқмоқда.

Кўпроқ янгиликлар