Тошкент вилояти Оққўрғон туманилик Шарафиддин Усманов кўп йиллар ички ишлар органларида хизмат қилди. Касби ортидан рўзғор тебратди, бировдан кам бўлмади. Таассуфки, буларнинг барини нафақага чиқибоқ унутди. Давлат унинг хизматларини қадрлаб, яхшигина нафақа белгилаган бўлса-да, бунга асло қаноат қилмади. Жиноят учун жазо муқаррарлигини яхши била туриб фирибгарликни касбга айлантирди, деб ёзади “Постда” газетаси.

Ш.Усманов дастлаб жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сергели туман суди томонидан фирибгарлик жиноятини содир этгани учун икки марта жазога тортилди. Сўнгра, орадан бир йил ўтгач, яна қайта жиноятга қўл урди. Ҳар учала ҳолатда ҳам унга нисбатан амнистия акти қўлланилиб, жазодан озод этилди. Ш.Усманов фирибгарликда ўзидан ҳам ўтадиган жиноий шериклари – Б.Усманов ва Д.Аҳмедов билан ўзаро тил бириктирди.

Ҳамтовоқлар Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида яшовчи Даврон Давурбоевнинг ўғли ҳуқуқ-тартибот идораларига ишга кирмоқчи бўлганидан хабар топишгач, у билан учрашишди. Ш.Усманов учрашув чоғида “мен ички ишлар органидан нафақага чиққанман, танишларим кўп, хоҳласангиз ўғлингизни ишга жойлаб қўяман” деганча ваъдани қуюқ қилди.

Учовлон Даврон Давурбоевни авраб, аввал 1 миллион 300 минг сўм, кейинроқ эса 2200 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олиб, ўз манфаатлари учун сарфлаб юборишди.

Фирибгарларнинг навбатдаги “ўлжа”си яна Шароф Рашидов туманилик Ғофур Умирзоқов бўлди. Қизи олий ўқув юртига ўқишга кирмоқчилигини эшитган ҳамтовоқлар унга Тошкентда яқин танишлари борлиги, абитуриент номигагина тест синовларига кириб чиқса бас, қолганини ўзлари ҳал қилишларини, бу “холис хизмат” 7 минг АҚШ долларига тушишини айтишади.

Фарзанди учун ҳар нарсага тайёр турган содда ота уйидаги бор-будини сотиб, етмаганига қариндошларидан қарз олиб, 5 минг АҚШ долларини олиб келиб беради. Фирибгарлар бу пулларни ҳам шахсий манфаати учун ишлатиб юборади.

Кунларнинг бирида Ш.Усманов бошчилигидаги нафси ҳакалак отган фирибгарлар Жиззах шаҳридаги кафега кириб, улфатчилик қилишди.

-  Ишимизнинг кетиши ёмон эмас, аммо мижозлар камайиб боряпти, - деди Ш.Усманов шерикларига.

-  Ҳаракат қиляпмиз, ака, - деди бунга жавобан Д.Аҳмедов.

Шу пайт кафега кириб келаётган фуқаро Файзулла Бойназаровни кўрган Ш.Усмановнинг бирданига юзи ёришди.

-  Ана, мижознинг ўзи бизни йўқлаб келяпти!

Даврага келиб қўшилган Файзулла Бойназаров салом-аликдан сўнг меҳмондорчиликни ўз зиммасига олди ва суҳбат орасида деди:

-  Сизлардай акаларим бўла туриб бир муаммони ҳал қилолмай юрибман.

-  Қандай муаммо, нима қилиш керак? – сўради Ш.Усманов.

-  Автомашинамни давлат рўйхатидан ўтказа олмаяпман...

-  Одамига айтдингиз. Акангизнинг ички ишлар идораларида ишлаганини эшитмагансиз, шекилли. У кишининг бу соҳада қила олмайдиган иши йўқ. Бир оғиз сўзи ҳар қандай масалага ечим топади, - дейди А.Аҳмедов.

Қисқаси, Ш.Усманов ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида танишлари кўплигини, улар автомашинани расмийлаштиришга ёрдам беришини айтиб, бунинг учун фуқаро Файзулла Бойназаровдан 500 АҚШ долларини олади.

Бундан ташқари, фирибгарлар бировни мансаб курсисига ўтказиш, бошқасини ўқишга киритиш ва яна бировни ишга жойлаштириш учун пулларини олиб, сўнг қочиб юришади. Аммо кўза кунда эмас, кунида синиши бор ҳақиқат. Улар навбатдаги жиноятни содир этишаётганда ашёвий далил билан қўлга олинди ва қонун олдида жавобгарликка тортилди.