Ўшанда майнинг ўрталари эди. Асаларичилик учун қизғин мавсум бошланиб кетганди. Бир неча йилдан бери шу ҳунарнинг нонини еб юрган Санжар эса об-ҳавонинг яхши келмагани боис асаларилари нобуд бўлаётганидан хуноб эди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

-  Бошқа яхшироқ жой топиб, кўчирмасак бўлмайди, - деди у шериги Х.Қодировга.

Эртаси куни эрталаб у отасининг машинасида шериги билан йўлга чиқди. Бир зумда улар яшайдиган Дам қишлоғи ортда қолди. Шериклар йўл бўйи яна асалариларнинг касаллигини муҳокама қилиб кетишди. Ишлари ўнгидан келиб, Қамаши туманидаги Ёртепа қишлоғидан асаларилари учун яхши жой топишди. Сўнг Еттитом йўлига чиқиб, Кўкдалада тўхтаб овқатланишди. Ишлари енгил кўчганидан кайфиятлари анча ўнгланган эди. Тушликдан сўнг Санжар машинани Чоршанбе бозори йўли орқали Кўктош маҳалласи томон учириб кетди. Бу йўлда чекланган тезликда ҳаракатланиш зарурлигини ҳам унутди.

Узоқдан “тўхтанг” ишорасини берган йўл-патруль хизмати ходимларини кўриб, ҳужжатлари жойида эмаслиги ёдига тушди.

-  Қочамиз, - Санжар яшин тезлигида хаёлига келган қарорни шеригига айтиб, рулга ёпишди. Тезликни пасайтирмасдан, улардан олдинроқ тўхтаётган машиналарни айланиб ўтди-ю, қочишга шайланди.

Шу пайт йўл нозирларидан бири яна “тўхтанг” ишорасини бериб, йўлга чиқиб келди. Санжар уни четлаб ўтмоқчи бўлди. Аммо тўғридан келаётган машинани кўриб, фикридан қайтди, оёғини газдан олмади. “Ўзини олиб қочар”, деган ўйда тўғрида турган йўл нозирининг устига машинани ҳайдади.

Ногаҳон нимадир қарс этди. Машина ойнаси синиб кетганди. Санжар қўрқиб кетганидан яна газни босди. Анча жойга ҳайдаб боргач, йўл четидаги ошхона ёнида тўхтади. 

Пастга тушиб, машинани кўздан кечиришди. Синган ойнанинг қолган қисмини ҳам кўчириб ташлашди. Санжар нима қилиб қўйганини энди мулоҳаза қилиб, қўрқувга тушди. “Нимага қочдим? Нари борса, жарима билан қутулардим. Бу ёғи қанчага тушди? Уриб юборилган киши омонмикан? Ҳеч бўлмаса, уриб юборганимдан кейин тўхтасам бўларди-ку. Эҳ, нималар қилиб қўйдим?..”. Шундай хаёллар оғушида шеригини йўлда қолдириб, тўғри туман ички ишлар бўлими томон жўнади.

Умуртқаси, оёғи, бошидан қаттиқ жароҳат олган йўл-патруль хизмати ходими Дилмурод Норқулов шифохонага ётқизилиб, зарур тиббий муолажалар кўрсатилди.

“Ҳечдан кўра кеч” қабилида иш тутган ва ўз хатосини англаб етган Санжар туман ички ишлар бўлимига бориб, хабар берган, Дилмурод Норқулов ва унинг оила аъзоларидан кечирим сўраган. Санжарнинг яқинлари Д.Норқуловга етказилган зарарларни қоплаб беришган. 

Суд ҳукми билан Санжар Муроддиновга Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан тегишли жазо тайинланди.