Чилидан Москвага Конфедерациялар кубогини ёритиш учун келган журналист маҳаллий таксичи томонидан алданди.

У «Домодедово» аэропортидан шаҳар марказидаги меҳмонхонага қадар келгач, таксичи ундан йўл ҳақи сифатида 50 минг рубль (900 доллар) ундирган.

Чилилик бошқалардан ҳақиқий нарх ҳақида билгач, полицияга мурожаат қилган.

Кўп ўтмасдан полиция ушбу таъмагир ҳайдовчини қўлга олган.

«Қўлга олинган шахс Москва вилояти фуқароси бўлиб, у чилилик журналистни «Мерседес» автомобилида манзилга етказиб қўйган. Ҳозирда гумонланувчи полиция бўлимида кўрсатма бермоқда.

Унга нисбатан РФ Жиноят кодексининг 159 моддаси, 2 қисми бўйича («Тўловлардаги фирибгарлик») жиноий иш очилган», — дейилади Россия ИИВнинг Москва бўйича бўлими сайти хабарида.

РФ Жиноят кодексига кўра, бундай турдаги фирибгарлик учун 300 минг рублгача жарима қўлланади ёки ҳуқуқбузар 480 соатлик мажбурий меҳнатга жалб этилади.