АҚШнинг Fitzgerald эсминеци Япониянинг Йокосука шаҳри соҳилларидан 100 км узоқликда Филиппинга тегишли ACX Crystal савдо кемаси билан тўқнашгандан кейин 7 нафар америкалик денгизчи бедарак йўқолган, эсминец сардори бошидан қаттиқ жароҳат олган. Бу ҳақда Япония соҳилбўйи қўриқлаш хизматига иқтибос келтирган ҳолда CNN телеканали хабар бермоқда.  

Маълум қилинишича, воқеа 17 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 2:30ларда юз берган.

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари вакилининг CNN’га маълум қилишича, эсминец двигателлари қисман зарарланган бўлиб, у ўз юриши билан ҳаракатланаётган бўлиши мумкин. Эсминец тўқнашув оқибатида сув билан тўла бошлаган, бироқ экипаж трюмдан сувни тортиб олган.

АҚШ ҲДК денгизчилар йўқолгани ва яралангани ҳақидаги ахборотни тасдиқламаган. АҚШ флоти вакили Япония соҳилбўйи қўриқлаш хизмати вертолёти денгизчиларни эвакуация қилишга ёрдам берганини маълум қилган, Япониянинг NHK телеканали эса яраланган денгизчилар видеосини кўрсатган, деб хабар бермоқда CNN.