Россия президенти Владимир Путиннинг фикрича, АҚШ ҳукумати Донбасс “Халқ Республикалари” кўнгилли аскарларининг “Малайзия авиайўналишлари” авиакомпаниясининг Boeing-777  самолёти ҳалокати учун масъулияти ҳақидаги тахминга зид маълумотни ҳеч қачон ошкор этмайди. Бу ҳақда Путин америкалик режиссёр Оливер Стоунга берган интервьюсида айтиб ўтган. 

“Путин билан интервью” фильми Америка телевидениесида 15 июнь куни намойиш этилди. 16 июнь куни эса Hot Books нашриёти томонидан интервьюнинг тўлиқ матни бўлган китоб чоп этилди.

Стоун Путинга савол берган: унинг фикрича, АҚШ разведка хизматлари Boeing ҳалокати ҳақида маълумотга эга бўлиши мумкинми, сабаби улар Украинадаги вазиятни 2014 йилги давлат инқилобидан сўнг кузатиб боришган.

«Менинг ишончим комилки, бу аслида ҳам шундай. Бироқ, афсуски, биз шерикларимиздан олган нарсада бунга исбот йўқ», - дея жавоб қайтарган Путин.

Россия раҳбарининг таъкидлашича, бу ҳолат “жуда тушунарлидир”, сабаби РФ ҳукумати АҚШнинг Украина бўйича позициясини билади.

“Уларнинг бари айбни Донбассдаги кўнгилли аскарлар ва қисман уларни қўллаб-қувватловчи Россияга ағдаришмоқчи эди. Агарда маълумот бунга тескари бўлса, улар (АҚШ) уни ҳеч қачон ошкор этишмайди”, - дея аниқлик киритди Путин.

Шунингдек, Россия президентининг таъкидлашича, Малайзия Boeing’ининг ҳалокати, агарда Украина раҳбари Россияга қулоқ тутганда ва кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни бошламаганда, юз бермасди.

“Айнан Украина ҳукумати Донбассда барча турдаги қуролдан фойдаланишни бошлади”, - деган Путин.

Маълумот учун, Malaysia Airlines’нинг Boeing-777 самолёти Амстердамдан Куала-Лумпурга рейсни амалга оширган. 2014 йилнинг 17 июль куни самолёт Донбассда ҳалокатга учради. 283 йўловчи ва экипажнинг 15 аъзоси – 10 давлат фуқаролари ҳаёт билан видолашди.