Швейцария прокуратураси ФИФА ва футбол бўйича жаҳон чемпиионатлари билан боғлиқ коррупция ҳолатларига доир 25та тергов ишини олиб бораётганини тасдиқлади. Бу ҳақда AP News хабар бермоқда.

Швейцария бош прокурори Микаэль Лаубер айнан қандай ишлар тергов қилинаётгани ҳақида аниқлик киритмаган, бироқ терговчилар шуғулланаётган ишлар орасида бир неча шахсларнинг исми-шарифини келтирган. Булар ФИФА собиқ президенти Йозеф Блаттер, ФИФА собиқ бош котиби Жером Вальке, Германиядаги 2006 йилги жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси раҳбари Франц Беккенбауэрлардир.

Лаубер, шунингдек, Россия ҳамда Қатар ютиб чиққан 2018 ва 2022 йилги жаҳон чемпионатларини ўтказиш бўйича танловлардаги қоидабузарлик эҳтимоли билан ҳам шуғулланмоқда. Прокурорнинг айтишича, у ҳозиргача пулларни ноқонуний ўтказиш билан боғлиқ 178та ўтказмалар ҳақида маълумотга эга.