АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Fitzgerald эсминеци 17 июнь тонгида Япония соҳиллари яқинида контейнерлар ташийдиган Филиппин савдо кемаси билан тўқнашиб кетгач, бедарак кетган 7 ҳарбийнинг жасадлари топилди. Бу ҳақда АҚШ еттинчи флоти маълум қилган.

Жасадлар кеманинг тўқнашувдан кейин синиб тушган қисмида бўлган, улар Йокосукага жўнатилган.

Fitzgerald 17 июнь тонгги соат 2:30да Ёкосукадан (Япония) 103 километр жануби-ғарбда савдо кемаси билан тўқашиб кетган, 3 киши жароҳатланиб, 7 киши йўқолиб қолганди. Савдо кемасидагиларга эса шикаст етмаган.

Ҳодиса оқибатида эсминецнинг бир нечта бўлмасига сув тошган, кейинроқ бу жараён тўхтаганди.

Маълумот учун, Fitzgerald эсминецининг сув сиғими саккиз минг тоннадан ортиқ, узунлиги — 154 метр. ACX Crystal контейнер ташувчисининг сув сиғими 29 минг тонна, узунлиги эса 220 метрга тенг.