Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев билан ўткир муаммоли ҳолатлар юзасидан махсус интервью

Жамият 18 Июнь 2017 67533

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан Кун.uz таҳририятининг ижодий жамоаси Қашқадарё вилоятига сафар уюштирди. Мазкур сафар давомида вилоятда юз берган ўзгаришлар, олиб борилаётган ишлар билан бирга мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам ўрганилди.

Ана шу ютуқ ва камчиликлар, фуқаролар мурожаати таҳлили ва истиқболдаги режалар юзасидан вилоят ҳокими Зафар Рўзиев билан суҳбат бўлиб ўтди. Жумладан, вилоят ҳокими Президент қабулхонасига мурожаат йўллаш бўйича Қашқадарёнинг етакчи ўринларда қайд этилаётгани борасида тўхталар экан шундай фикрларни билдирди:

“Мустақилликнинг 25 йили давомида вилоятда муайян ишлар амалга оширилди. Аммо муҳтарам президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган виртуал қабулхона ҳаётимизда ўз ечимини кутаётган жуда кўплаб муаммолар борлигини, айтиш мумкинки, одамларнинг турмуш тарзи жар ёқасига келиб қолганини кўрсатиб қўйди. Тан олиб айтиш лозим-ки, шу пайтга қадар оддий инсонлар ҳаётига бефарқ қараб келинган. Бу ҳолатни вилоят ҳокимидан тортиб, маҳалла оқсоқолигача бўлган раҳбарлар иш жараёнида учратиш мумкин эди. Виртуал қабулхонанинг ташкил этилиши том маънода барча раҳбарлар учун келажак режасини тузишда ҳам ас қотмоқда.

Ана шундай муаммолар уй-жой, ер, суд-ҳуқуқ масалаларида ўртага чиқмоқда ва уларнинг аксари ўз ечимини топаяпди. Мурожаатларнинг аксарида Республика идоралари билан боғлиқ камчиликлар ҳам чиқиб қоляпти. Биз нафақат мазкур мурожаатлар асосида, балки ўзимизнинг чекка туманларга сафарларимиз чоғида ҳам аҳоли ўртасида мавжуд муаммоларни ўз ўрнида ва тезкорлик билан ижобий ҳал этяпмиз. Бу эса одамлар руҳиятида президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатга нисбатан ижобий муносабатнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда”.

Вилоят ҳокими жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга сафари борасида тўхталар экан, бу ташриф Қашқадарё вилояти учун янги саҳифа очганини таъкидлади.

“Вилоятдаги жуда кўплаб муаммоли масалалар мазкур ташриф давомида ўз ечимини топаяпти. Умумий қиймати уч трлн сўм бўлган тўрт мингга яқин лойиҳа дастури ишлаб чиқилди. 2017-2018 йил давомида вилоятда жами 50 мингга яқин муқим иш ўрни яратиш режалаштирилди. Бу вилоятнинг очилмаган имкониятларидан унумли фойдаланиш ва фуқароларнинг айрим муаммоларига ечим топишда туртки бўлади. 

Бундан ташқари, вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги ўткир муаммолар ҳам мазкур ташриф давомида ўз ечимини топди. Масалан, Қашқадарё вилоятида қандли диабет билан касалланиш кўрсаткичи анча юқори. Рақамлар ҳар йили 30 фоизгача кўтарилиб боряпти. Вилоятда эса эндокринология шифохонаси мавжуд эмас. Қурби етганлар пойтахтга ёки хорижга чиқиб даволанишяпти, аммо имкони йўқлар эса даволанмай, қийналиб юришган эди. Президентимиз вилоятга ташрифи давомида мазкур йирик муаммони ижобий ҳал этиб берди. Бу каби ишларга мисол қилиб юқумли касалликлар шифохонасининг юз фоиз таъмирдан ўтказилиши ҳам келтириш мумкин. Чунки бу таъмир ҳеч қандай инвестиция дастурларига киритилмаган ҳолда, мана шу вилоят учун алоҳида ғамхўрлик сифатида амалга ошириладиган бўлди”.

Вилоят раҳбарининг таъкидлашича, Қашқадарёда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш вақти келган. Бунинг учун аҳоли ичига кириб, уларнинг нима билан бандлигини ўрганиб, ихтисослиги бўйича тижорат банкларининг кредитларини йўналтириш, бу орқали аҳоли турмуш фаровонлигига эришиш мумкинлигини айтиб ўтди.

Айтиш мумкинки, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар бугун нафақат Қашқадарё вилояти, балки республиканинг аксари ҳудудларида оғриқли муаммолардан бири саналади. Қашқадарёда бу ҳолат қандай? Шу ҳақда вилоят ҳокими ўз фикрларини изҳор этди:

“Айнан мана шу соҳалар бўйича ҳукумат томонидан жуда катта қадам ташланмоқда. Электр энергиясининг етишмаслиги аслида биринчи муаммо эмас, энг катта муаммо шундаки, истеъмолчи ўзи ишлатган электр ҳақини ўз вақтида тўламаётганидадир. Шу бу йил вилоятимиздаги Толимаржон иссиқлик ишлаб чиқариш корхонасида 1 млрд долларлик лойиҳа амалга оширилди. У ерда айни пайтда 900 мгВатт электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу вилоятни юз фоиз электр энергияси билан таъминлаш деганидир. Сўнгги ойларда электр энергияси соҳаси доирасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, вилоятда 2 та подстанция қуриб битказилди, бундан ташқари, 200 га яқин қўшимча трансформаторлар ҳам ўрнатилди. 

Тоза ичимлик суви муаммоси ҳам Қашқадарё вилоятига бегона бўлмаган камчиликлардан бири. Бу, айниқса, вилоятнинг чўл туманларида жуда ўткир муаммо ҳисобланади. Очиғини айтганда, олиб борилаётган ишлар умумий ҳисобда вилоят аҳолисининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини қондириш учун етарли бўлмаяпти. Президентимиз вилоятга ташрифи давомида мазкур муаммога алоҳида тўхталиб ўтди. Давлатимиз томонидан жорий йилнинг апрель ойида қабул қилинган “Қарши шаҳри ва Қарши шаҳри атрофидаги туманларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисида”ги қарори ўрганиб чиқилди. Турли вазирликлар билан келишган ҳолда қонун ижросини амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳ ҳам тузилди. Келажакда вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида жуда катта ўзгариш бўлиши кутилмоқда. Жумладан, 2017 йилда Қарши шаҳри ва шаҳар атрофидаги туманларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳолати сезиларли равишда ўзгаради.

Айни дамда тоза ичимлик сувини ноқонуний равишда қийматини ошириб сотаётган инсонларга нисбатан ҳам алоҳида чоралар кўрилади. Нега деганда вилоятда бир тонна сувнинг нархи 1550 сўм. Бу йилнинг исталган мавсумида ўзгармайдиган нархдир”. 

Вилоят раҳбари Зафар Рўзиев суҳбат давомида Қашқадарё соғлиқни сақлаш тизими фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:

“Вилоятдаги қишлоқ врачлик пунктларида акушер-гинекологларнинг йўқлиги жуда катта муаммоларни келтириб чиқармоқда. Нега деганда ўсмир қизлар ўзларини шифокорга кўрсатишдан уялишади. Бу албатта, минталетитга хос бўлган жиҳат. Бу эса сўнгги пайтларда қишлоқ қизларида бепуштлик касаллигининг кенг ёйилишига сабаб бўлмоқда. Ана шу муаммоларнинг олдини олиш мақсадида қишлоқлардаги оилавий поликлиникалар замонавий ва эҳтиёжга зарур бўлган тиббий ускуналар билан жиҳозланмоқда ва одамлар орасида тиббий маданиятни ошириш билан боғлиқ ишлар мунтазам равишда олиб борилмоқда”.

Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев билан бўлиб ўтган суҳбат самимий руҳда кечди. Интервью давомида жуда кўплаб масалаларга тўхтаб ўтилди. Келажакдаги режалар ва вилоят истиқболида кутилаётган ишлар тўғрисида фикр алмашилди. Айтиш мумкинки, яқин вақтлар ичида вилоятнинг ҳар бир соҳасида кўзга кўринарли ишлар амалга ошириш белгилаб қўйилган ва бу аҳоли турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатиши табиий.

Мазкур интервьюнинг тўлиқ кўринишини Кун.uz’нин YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали томоша қилиш мумкин.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (Tas-IX)

 

Кун янгиликлари
Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газни ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади
12:17 / 28.06.2017 28964 Ўзбекистон
“Мурожаатдан фойда йўқ, болалар майдончаси меники...”
22:28 / 27.06.2017 18683 Жамият
Мажбурий ижро бюроси тўловларни қайси маълумотларга асосан ундиради?
01:22 133 Жамият
Фото: Alphabet’нинг ҳайдовчисиз юк машинаси
ОАВ: АҚШ Сурияга янги зарбалар беришга тайёрланмоқда
00:30 709 Жаҳон
Ливияда жангарилар БМТ ходимларини асирга олдилар
00:12 901 Жаҳон
Хитой вилояти фақатгина муқобил энергиядан фойдаланиб бир ҳафта яшай олди
23:35 / 28.06.2017 1278 Жаҳон
Гриппга қарши пластирлар яратиш устида ишлар олиб борилмоқда
23:04 / 28.06.2017 633 Жамият
Ҳисоблагичлар бўйича "арра қилиш" тизимига чек қўйилмоқда...
23:02 / 28.06.2017 4139 Ўзбекистон
Электр ва газ тармоқларининг 60 фоиздан ортиғи таъмирталаб аҳволда
22:34 / 28.06.2017 2269 Ўзбекистон
Кўпроқ янгиликлар