Колумбия пойтахти Боготадаги савдо марказида янграган портлаш оқибатида, дастлабки маълумотларга кўра, камида 3 киши ҳалок бўлди, 11 киши яраланди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Портлаш Andino савдо марказида содир этилган. Портловчи қурилма 2-қаватдаги аёллар ҳожатхонасида портлаган. Портлашдан кейин марказдан одамлар эвакуация қилинган. Ҳукуматнинг хабар беришича, 23 ёшдан 31 ёшгача бўлган 3 аёл ҳалок бўлган, улардан бири Колумбияда волонтёр бўлиб ишлаган 23 ёшли Франция фуқароси бўлган.

Богота мэри Энрике Пеньялоса твиттерда "Andino’даги қўрқоқларча амалга оширилган теракт менга оғриқ етказди" деб ёзган. Колумбия президенти Мануэль Сантос воқеани тергов қилишни бошлашга кўрсатма берган. Маълумотларга кўра, марказ автотураргоҳи сапёрлар томондан итлар ёрдамида текшириб чиқилган.

Портлаш теракт сифатида таснифланган.