17 июнь куни Facebook ижтимоий тармоғининг бир неча гуруҳларида муборак Рўзаи Рамазон кунларида қибрайлик Дилнура исмли ногирон қизга ва унинг кам таъминланган оиласига ёрдам қўлини чўзиш сўраб жойланган постлар жойланди. 

"Ассалому алайкум, гапни нимадан бошлашни ҳам билмайман. Бир кам таъминланган оила ёрдамга муҳтож. Қибрай томонларда пропискасиз яшашади, бировларнинг молини боқишади ва шу тариқа мия суягида муаммоси бўлган ногирон қизлари билан кун кечиришади. Қиз 12 ёшда, ақлли, қувноқ, лекин мустақил ҳаракатлана олмайди ва кўзида ҳам нуқсони бор. Улар уч йилдан бери ногиронлар аравачасига навбатга туришади, аммо бесамар... Тиббий муолажаларни олишга имкон йўқ. Ёрдам бериш имконига эга бўлган кишилар садо беришса, яхши бўларди. Қизчага ногиронлар аравачаси ва Тошкентда даволанишга эришишга ёрдам беришингизни сўрайман".

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу мурожаатга жуда ижобий муносабатда бўлиб, Дилнурага ёрдам қўлини чўзишни истаганлар кўпчиликни ташкил қилди - кимдир пул билан, кимдир эса совға-саломлар билан. 

Бугун бу мавзуда яна бир пост қўйилиб, унда шундай дейилганди: 

"Ҳурматли гуруҳдошлар, мен бугун бу оилада бўлдим... ушбу муқаддас кунларда бизни шундай хайрли ишга йўналтирган пост  муаллифига раҳмат. Оила бошлиғи Абдумалик ака уйда йўқ эканлар, пул топиш илинжида мол боқиш билан банд эканлар. Телефон орқали суҳбатлашдик. У мурожаатга бефарқ бўлмай, ёрдам қўлини чўзганларнинг барчасига миннатдорчилик билдирди. Айтишларича, кечанинг ўзидаёқ аравача билан боғлиқ муаммо ҳал қилинган. Бу постни ўқиган америкалик юртдошларимиздан бири қизчага ногиронлик аравачасини йўллагани маълум бўлди, шу кунларда уни етказиб беришади. Мен яна қандай муаммолар борлиги, қандай ёрдам кераклиги ҳақида сўрадим. Улар ҳозирча бошқа шошилинч нарса йўқлигини айтдилар. Келгуси ҳафта шифокорга кўринишмоқчи, уёғи кейин маълум бўлади. Дилнура ва унинг онаси билан суҳбатлашдим. Билишимча, у аввал мактабга қатнаган, ҳозирги манзилга кўчишганидан кейин эса имкон бўлмаган. Прописка муаммоси. Ҳаракатланиш имконининг чекланганлиги (ҳисоблаб кўрсам, энг яқин орадаги мактаб 7-8 километр келар экан, қишда ёки ёмғирли ҳавода бунинг умуман иложи йўқ). Қизга китоблар, альбомлар ва шу каби ўқув қуроллари керак. Унинг ўзи шуни жуда хоҳлайди. Кўйлак, соч тўғноғичлари ва умуман қизларга керакли тақинчоқлар...".

Маълум бўлишича, ҳозирга қадар Дилнура учун 5 миллион атрофида пул ва кўплаб совға-саломлар тўпланган. Постлар остида изоҳ қолдираётганлар ўзбек халқи билан фахрланишлари, шундай ёшларни тарбиялаган ота-онасига миннатдорчилик билдиришган. Яна кимлардир шу улуғ кунларда савоб қилиш учун саноқли кунлар қолгани, бундай имкониятдан фойдаланиб қолиш кераклигини ёзишган. 

Қизнинг оиласига пул ва совғалар топширилган видео ва суратлар тармоқда тақдим этилди.