Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиеёв 2017 йил 15 июнь куни Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришни янада ривожлантириш чора тадбирлари ҳақидаги қарорни имзолади. Қарорнинг рус тилидаги тўлиқ матни президентнинг расмий сайтида эълон қилинган.

Қарор матнига кўра, у Республикамизда йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, йилқичиларнинг янги авлодини тайёрлаш ва тарбиялаш, миллий от спортининг халқаро нуфузини ошириш, от спортини аҳолининг кенг қатламлари, айниқса ёшлар орасида фаол тарғибот қилиш ва оммалаштириш мақсадида қабул қилинган. 

Ўзбекистон от спорти федерацияси, Ўзбекистон Республикаси давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасининг Ўзбекистон от спорти федерацияси фаолиятини мукаммаллаштириш уни Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, дея қайта номлаш ҳақидаги таклифлари маъқулланган. 

Янгиланган федерациянинг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат қилиб белгиланмоқда (қисқача — таҳр.): 

- йилқичилик ташкилотлари ва хўжаликларига йилқичиликда наслчилик ишларини мукаммалаштириш орқали Қорабайир ва Ахалтека зотли отларнинг, шунингдек, юқори қийматли спорт отларининг бошини кўпайтириш;

- хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда наслдор спорт отлари ва хизмат отлари етиштиришнинг замонавий усулларини ташкиллаштириш;

- чавандозларнинг ёш авлодини тарбиялаш мақсадида от спорти бўйича миллий мусобақаларни ташкиллаштириш ва ўтказиш, шунингдек, миллий от спортининг халқаро нуфузини ошириш;

- от спортига оид болалар спорт мактаблари, секциялари ва клублари тармоқларини кенгайтириш, юқори малакали ҳакамлар, ветеринар ва тақачиларни тайёрлаш ва қайта ўқитиш.

Соҳанинг молиявий муаммоларини мунтазам ҳал қилиш мақсадида йилқичилик ва от спортини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда. Фонднинг маблағлари илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш, Федерация моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ҳакамлар, ветеринарлар, тақачиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, уларнинг тажриба алмашиши ва касбий маҳоратини юксалтириши, шунингдек, спортчилар, мураббийлар, зоотехниклар ва йилқибоқарларнинг моддий ва ижтимоий томондан қўллаб-қувватланишига йўналтирилади.

Федерация ва унинг аъзолари спорт отларининг экспортидан валюта тушумини мажбурий сотишдан озод қилинади. 

Тошкент вилояти ҳокимлигига Ахалтека зотли отларни етиштирувчи «Ўзбегим отлари» МЧЖни тузиш вазифаси юклатилди.

Тошкент шаҳри ҳокимлигига «Марказий ипподром» АЖни от спорт халқаро федерацияси талаблари асосида қайта тиклаш ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш вазифаси топширилди.

Янги федерация ва Тошкент вилояти ҳокимлигига спорт отларини етиштириш бўйича «Ўзбек спорт отлари» МЧЖ шаклидаги от заводини барпо этиш вазифаси юклатилди. 

Президент қарорига кўра, Федерация турли солиқ ва мажбурий йиғимлардан маълум бир муддатга озод этилмоқда.