Минг бор эшитгандан бир марта кўрган яхши. Бирор бир янгилик ҳақида тушунтиришнинг энг мақбул йўли уни амалда кўрсатиб беришдир. 

Маълумки, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланишни самарали ташкил этиш, кичик бизнес, тадбиркорлик, паррандачилик ва чорвачиликни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини ошириш шу куннинг асосий мавзуси бўлиб турибди.

Андижон вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфидаги коллежларда - битирувчилар, аҳоли ва фермер хўжаликларига юқоридаги йўналишлар бўйича илмий-амалий ёрдам беришга мўлжалланган марказлар ташкил этилди.

Ўзи аслида, халқимиз бир қарич ерни бўш қўймайди. Шундай бўлсада, сердаромад соҳа бўлган паррандачилик, эчкичилик, қуён боқиш, томорқага экинларни режали тарзда экиш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар билан танишиб бориш фойдадан ҳоли эмас. Бу борада коллежларда ташкил этилган – маслаҳат бизнес-марказлари аҳолига кўмак беради.

Андижон туман агросаноат коллежи, Пахтаобод қишлоқ хўжалиги ва Олтинкўл Агроиқтисодиёт коллежларидаги “Маслаҳат бизнес-маркази”га келган киши хонадони даромадини ошириш учун кўп тажрибага эга бўлади. 

Айниқса, Андижон туман агросаноат коллежида бу борада зўр ишлар амалга оширилган экан. Хитой услубида ҳеч қандай иситиш тизимисиз ишлаётган иссиқхонада бодринглар пишиб, қуёнхонада қуён болалабди. Томорқа экинлари экилган ер майдонида иш  ҳавас қиладиган тарзда тартибли ташкил этилган экан. Балиқ кўлига ҳам чавақ ташланиб, парвариш қилинмоқда. 

- Эчкичилик билан шуғулланиш учун тажриба тўпламоқчи бўлиб, Олтинкўл туманига бормоқчи эдим,- дейди Орифжон ака. Ўзимизни коллежда эчки боқиш технологияси ҳақида тайёр адабиётлар, ҳатто видеоқўлланма ҳам бор экан.

Марказга келган аҳоли вакилига аввал илмий адабиётлар, видеороликлар тақдим қилиниб, сўнг шу жараённи амалий тарзда қандай амалга оширилиши кўрсатилмоқда. 

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон