Мухлислар мурожаати: Арзонлаштирилган дори-дармонларни топиб бўлмаяпти

Жамият 19 Июнь 2017 19137

Ҳурматли Кун.уз таҳририяти.

Сизлардан халқимиз дори-дармон воситалари билан боғлиқ юзага келган ушбу муаммони кўтариб чиқишингизни сўраб қолардим.

Хабарингиз бор, Президентимизнинг 20.12.2016 йилдаги ПК-2685-сон қарори билан 343 хилдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари арзонлаштирилган нархларда сотилиши белгилаб қўйилган.

Муаммо шундаки, врач томонидан ёзиб берилган «РЕТАБОЛИЛ» (инъекциялар учун эритма) дори воситасини Андижон шаҳридаги ҳеч бир дорихонадан топа олмадим. Ўндан ортиқ дорихоналарга кирдим, лекин натижа бўлмади...

Шунда охирги кирган дорихона ходимидан «Нега бу дори ҳеч қаерда йўқ? Қайси дорихонада бўлади? Қачон бўлади?» деган саволларимга дорихона ходими паст овозда шундай жавоб берди:

— Ака, бу дори арзонлаштирилган дорилар қаторига киритилган, давлат томонидан кўрсатилган нархдан қимматга тушгани сабабли бу каби дорилар олиб келинмаяпти.

Муаммонинг яна бир томони бор: рўйхатдаги 343 турдаги дориларнинг 227 хили импорт бўлиб, барчаси АҚШ долларига сотиб олинади. Эртага доллар нархи ошиб кетса, яъни дориларнинг таннархи қимматга туша бошласа, шу 227 хилдаги дориларнинг барчаси дорихоналарда сотувда йўқ бўлиб қоладими?

Бу муаммони ҳал қилишнинг 2 йўли мавжуд:

Биринчиси —давлатимиз шундай қарор чиқарсинки, ушбу 343 хилдаги дори воситалари дорихоналарда доимий равишда бор бўлиши мажбурий сотишини таъминлансин.

Иккинчи йўли — бу арзонлаштириш ҳақидаги қарордаги рўйхатдан ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиган дори-дармон воситаларини олиб ташлаш лозим, деб уйлайман.

Ҳурматли КУН.уз таҳририяти! Сизлар бу масалани атрофлича ўрганиб, ёритиб берасиз, деб умид қиламан.

Ҳурмат билан Сардор.
Андижон шаҳридан.

Таҳририятдан: Худди шундай муаммо билан Гулистон шаҳридан Дилмурод Султонов ҳам таҳририятимизга мурожаат қилган. «L-Тироксин 100 Берлин-Хеми» дори воситасини ахтариб топишда жуда кўп муаммоларга дуч келганини бирма-бир тасвирлаб,  «Президентимиз қарори асосида бу каби «арзонлаштирилган» доривор воситаларини қачон ҳамма дорихоналарда сотилиши йўлга қўйилади?» — деб савол берган.

Кўпроқ янгиликлар