Шимолий Корея Нью-Йоркдаги Жон Кеннеди аэропортида 16 июнда юз берган воқеа учун АҚШдан расмий тушунтириш беришни талаб қилди. 

Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлиги вакилининг 18 июнда чоп этилган баёнотига кўра, ўша куни АҚШ идоралари "Шимолий Кореяга қайтаётган делегациядан дипломатик почта бор бўлган пакетни тортиб олган". Шимолий Корея делегацияси Ногиронлар ҳуқуқлари конвенциясига аъзо давлатларнинг анжуманида иштирок этганди.  

Дипломатнинг таъкидлашича, шу тариқа АҚШ идоралари "ноқонуний ва даҳшатли иғвони амалга оширганлар". Шимолий кореяликнинг маълумотларига кўра, дипломатик курьер сертификатига эга бўлган Шимолий Корея делегацияси аъзоларидан ҳужжатлар тортиб олинаётганда улар қаршилик кўрсатишган. Шу сабабли 20 полициячи ва АҚШ ички хавфсизлиги департаменти ходимларидан иборат гуруҳ шимолий кореяликларга нисбатан куч ишлатган.       

Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлиги ҳукумат номидан АҚШ ҳукумати ҳаракатларини қатъий қоралади. Пхеньянда бу ҳаракатлар "мустақил давлат суверенитетини поймол қилиш ва атайлаб уюштирилган иғво" сифатида баҳоланган.  

Шимолий Кореянинг фикрича, АҚШ "бу воқеа туфайли батафсил тушунтириш бериши ва расмий даражада узр сўраши шарт". "Акс ҳолда бу воқеанинг оқибатлари учун бутун жавобгарлик АҚШ зиммасига тушади", деб айтди Шимолий Корея вакили. 

АҚШ ва Шимолий Корея ўртасида дипломатик алоқалар йўқ, Вашингтоннинг Пхеньяндаги манфаатларини Швеция элчихонаси билдиради. Шимолий Корея матбуотида АҚШ "корейс миллатининг ашаддий душмани эканлиги" таъкидлаб турилади.