Андижон вилоятида ўтган ҳафта давомида (10 июндан 17 июнга қадар) 14 та ёнғин ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Кун.uz’га Андижон вилояти, ИИБ ЁХБ катта муҳандиси, капитан Улуғбек Қосимов хабар бермоқда.                                                          

Жумладан,  2017 йилнинг 13 июнь куни Жалақудуқ тумани, “Шаҳрихончек” маҳалла фуқаролар йиғини, Янгиобод кўчаси, 123-уйда яшовчи фуқаро Азизбек Мираҳмедовнинг хонадонида очиқ оловдан фойдаланишдаги эҳтиётсизлик оқибатида ёнғин содир бўлиб, яшаш уйининг 40 квадрат метр том қисми ёниб кетди.

Шунингдек, 14 июнь куни Избоскан тумани “Гузар” маҳалла фуқаролари йиғини, Шаҳристон кўчаси, 56-уйда яшовчи фуқаро Абдураҳим Ғозиевнинг яшаш уйида электр симининг қисқа туташуви оқибатида ёнғин содир бўлиб, уйининг 40 квадрат метр шифт ва том қисми ёнган. Ёнғин унинг қўшниси 58-уйда яшовчи фуқаро Жавлонбек Комиловнинг яшаш уйига ўтиб, яшаш уйининг 20 квадрат метр том қисми ёниб зарарланди. Ёнғин хавфсизлиги хизматининг саъй-ҳаракатлари натижасида бинонинг 80 квадрат метр майдони  ёнғиндан сақлаб қолинган.

9  июнь куни Андижон шаҳар, Миллий тикланиш кўчаси, 27-уйда жойлашган “Меҳригиё медикал” МЧЖ томондан ижара асосида фойдаланиб келинаётган бинода кондиционерни ёқиб, назоратсиз қолдирилиши оқибатида катта ёнғин содир бўлган эди.  14 июнь куни Андижон шаҳрида ушбу ёнғиннинг таҳлилий-муҳокамаси бўлиб ўтди. Йиғилишда ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар ҳамда тадбиркорлар иштирок этиб, содир бўлган ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари атрофлича ўрганилди ва йиғилиш иштирокчилари билан биргаликда муҳокама қилинди.

Келгусида бу сингари фалокатларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, мавзуга оид видеороликлар намойиш қилинди.