Германиянинг руҳий носоғлом фуқароси машинасида Бельгиядаги ҳарбий полигон ҳудудига кириб бориб, у ердаги боғда пикник қилаётган бир гуруҳ болаларни босиб кетмоқчи бўлди. Бу ҳақда маҳаллий полицияга иқтибос келтирган ҳолда Avenir нашри хабар бермоқда

Воқеа 19 июнь кундузи юз берган, бироқ полиция бу ҳақда фақатгина 20 июнда хабар қилган. "У 19 июнда куннинг иккинчи ярмида номаълум сабабга кўра ўз машинасида Эльзенборн ҳарбий лагери ҳудудига кириб борган. Бу руҳий носоғлом эркак бир нечта авариялар содир этиб, экскурсияда бўлган бир гуруҳ мактаб ўқувчилари, уларнинг ўқитувчилари ва ўрмончини босиб кетмоқчи бўлган", деб айтилди полицияда ва гап қотилликни содир этишга уриниш ҳақида кетаётганини таъкидлаб ўтилди. 

Бютгенбах коммунаси бургомистри Эмил Даннемаркнинг айтишича, ўқувчилар Германия чегараси яқинидаги қўриқхонада жойлашган бу лагерга мунтазам экскурсия уюштириб туришади.  

"Ўқитувчилар тезкорлик билан ҳаракат қилиб, ўрмончи ҳайдовчини ушлашга ҳаракат қилаётган пайтда болаларни автомобиль етиб боролмайдиган жойга олиб кетишган", деб айтди бургомистр.

Ҳайдовчи полигондаги ҳарбийлар томондан қўлга олинган. У Германиянинг Ахен шаҳридаги психиатрик шифохонага жойлаштирилди. Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.