Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида бор-йўғи 28 долларга интернетга уланган деярли исталган веб-камера устидан назоратни қўлга киритишга имкон бера олиши эътироф этилаётган дастур сотилмоқда. Бу ҳақда Хитой ОАВга иқтибос келтирган ҳолда hi-tech.mail.ru хабар бермоқда

Нашрнинг таъкидлашича, дастур интернетни сканер қилиб, одатда уй ёки болалар ортидан кузатишга мўлжалланган камераларга киришни қўлга киритади. 

Шу тариқа ғараз ниятли кимсалар веб-камералар ёрдамида ҳеч нарсадан бехабар одамлар ортидан кузатиш имкониятига эга бўладилар.

Шунингдек, хитойлик хакерлар ижтимоий тармоқларда бузиб кирилган камераларнинг логин ва пароллари жойлаштирувчи гуруҳлар яратганлар. Бундай гуруҳларда ҳар куни бузиб кирилган 200-400 та камера ҳақида ахборот чоп этиб борилади. Бу ахборот сотилаётган дастурнинг сифатини намойиш қилиш учун бепул чоп этилади.  

Мутахассисларнинг таъкидлашича, камераларга бузиб кириш осондир, чунки улардан аксарияти бир-бирига ўхшаш дастурдан фойдаланади. Бирор камеранинг дастурида заиф жой аниқланганда, унда шунга ўхшаш дастурдан фойдаланувчи барча қурилмалар автоматик равишда хавф остида қолади. 

Мутахассислар қурилмага киришга заводда ўрнатилган паролни ўзгартиришни ва осон пароллардан фойдаланмасликни тавсия қилишмоқда.