Тошкент шаҳрида жорий этилган йўл ҳаракатини бошқаришнинг компьютерлаштирилган тизими томонидан жорий йилнинг 15 март кунидан 19 июнигача жами 116 049 та қоидабузарликлар аниқланган. Бу ҳақда Кун.uz’га ИИВ ЙҲХ Бош бошқармасидаги манба хабар берди.

Айтилишича, ушбу қоидабузарликларнинг 54 283 таси светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаслик ва 61 766 тасини белгиланган ҳаракатланиш тезлиги талабларига бўйсунмаслик ташкил этади. 2017 йилнинг 18 июнь куни, яъни бир кунда тизим томонидан 1063 та қоидабузарликлар қайд этилган.

Ўзбекистон ИИВ ДЙҲХХ томонидан жорий йилнинг 15 май кунидан 19 июнь кунигача республика бўйича Тошкент шаҳрида жорий этилган компьютерлаштирилган тизим томонидан қайд этилган ва жарималарни ихтиёрий равишда тўлаш учун белгиланган 60 кунлик муддатда уларни тўламаганлик ҳолати бўйича 9 968 та транспорт воситаси жарима майдонларига қўйилган. Шундан 8 955 та транспорт воситаси эгаси қисқа муддатларда жарималарни тўлаганлиги учун уларга тегишли транспорт воситалари жарима майдонларидан қўйиб юборилган ҳамда жарималар тўланмаганлиги учун 1013 та транспорт воситалари жарима майдонларида сақланмоқда.