Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган Қандим массивида улкан қурилиш ишлари олиб борилаётганлигидан, чўл ҳудудида инсон қўллари билан яратилаётган мўъжизавий бунёдкорлик ишларидан бутун республика фуқаролари хабардор. У ерда фаолият юритаётган ҳар бир ишчи ёки ходимларга яратилган шароитларни кўриб ҳамманинг кўнглида уларга ҳавас туйғуси уйғонса, ажаб эмас. Лекин, олаётган маошига қаноат қилмай, “тузини еб тузлиғига тупурган” айрим фуқаролар ҳам борки, улар ўзларининг қинғир қилмишлари туфайли хорижий ҳамкорлар олдида  виждони пок маҳаллий ишчиларнинг ҳам бошини эгиб, уятга қўйдилар, деб хабар берди Кун.uz’га Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Кореянинг «Инбанг Индустриал ЛТД» қурилиш компанияси фаолиятнинг сайт менеджери Хан Ёнг Гу ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахслар қурилиш ишлари олиб борилаётган маскандан жами баҳоси 30.680.000 сўмлик қурилиш товар моддий бойликларини ўғирлаб кетганлигини билдирган.

Олиб борилган тезкор-суриштирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Қандим массивида жойлашган Кореянинг «Инбанг Индустриал ЛТД» қурилиш компаниясида ёрдамчи менеджер бўлиб ишловчи А.Кенжаев, таржимон бўлиб ишловчи Ҳ.Ҳусенов, шунингдек, ишчилар С.Шамсиддинов, В.Ҳаққиев, Б.Абдукаримов ва Р.Пассиевлар ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, шу хорижий компанияда ҳайдовчи бўлиб ишлайдиган Ш.Мўминовнинг юк машинасига  жами баҳоси 30.680.000  сўмлик  қурилиш товар-моддий бойликларини юклаб олиб кетиб, ўғрилик жиноятига қўл урганлар. 

Улар томонидан ўғирлаб кетилган товар-моддий бойликлари ашёвий далил сифатида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олиниб, ҳолат юзасидан Х.Хусенов, А.Кенжаев, Р.Пассиев, С.Шамсиддинов, Б.Абдукаримов, В.Хаққиев ва Ш.Мўминовларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.