Жаҳонга машҳур Fendi гуруҳининг ривожланиш стратегиясини кўп йиллар давомида белгилаб берган италиялик модельер Карла Фенди Римда 81 ёшида вафот этди.

Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, яқинда ўпкасидаги оғир хасталикни бошидан ўтказган Фенди касалхонадан чиққан ва ўзининг машҳур Палаццо Русполи қароргоҳига қайтиб кетган.

Карла 1925 йилда ота-онаси томонидан асос солинган Fendi гуруҳининг фахрий президенти эди. Бу компания итальян юқори мода дунёсида ўзига хос ноёб ҳодиса бўлган, сабаби 1950-йиллар бошида уни бирданига беш опа-сингил бошқарган - Паола, Анна, Франка, Карла ва Альда.

Карла ва опа-сингилларнинг энг муҳим қарорларидан бири – модалар уйига немис дизайнери Карл Лагерфельднинг таклиф этилиши бўлди. У узоқ йиллар давомида Fendi бренди арт-директори лавозимида ишлади. 1966 йилда Лагерфельд модалар уйининг машҳур белгисини ўйлаб топди – икки F ҳарфи, улардан бири тўнтарилган.

Опа-сингил Фендилар ва Лагерфельд туфайли Fendi модалар уйи 1980-йилларда нуфузли кийим-кечаклар соҳасидаги жаҳон етакчиларидан бирига айланди, бироқ 1999 йилда гуруҳ LVMH (Louis Vuitton Moët Hennessy S.A) холдинги таркибига кирди ҳамда опа-сингил Фендилар компаниядаги бошқарув лавозимларидан маҳрум бўлишди.