«Реал» президенти Флорентино Перес жамоа ҳужумчиси Криштиану Роналду атрофидаги вазият ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

«Мен ҳали Криштиану билан гаплашмадим. Ҳозирча сизга ҳеч нарса айта олмайман. Охирги пайтларда мен президентлик сайлови билан банд бўлдим ва бу мавзуга вақт ажрата олмадим.

Мен барчасини газеталарда ўқидим. Ҳозирча менда бир қарор йўқ. Криштианунинг клуб билан шартномаси бор, у «Реал» футболчиси. Биз у билан гаплашамиз.

Ҳозир Криштиану терма жамоаси билан муҳим турнирда иштирок этмоқда ва мен уни безовта қилмоқчи эмасман. Нима бўлганини аниқ билмайман, аммо бунинг барчаси ғалати.

Криштиану – яхши йигит ва ҳақиқий профессионал. Бу тарих эса жуда ғалати. Мен у билан гаплашаман, у ҳаммасини тушунтириб беради.

Ҳа, барча солиқларни тўлаши керак. Аммо Криштиануда солиқдан қочиш фикри бўлмаган, у ҳеч қачон пулларини яширмаган. Мен матбуотдаги миш-мишларни ўқиб, зада бўлдим», – деган Перес.

13 июнь куни Испания прокуратураси Криштиану Роналду 2011-14 йиллар давомида жами 14,7 миллион евро миқдоридаги солиқларни яширгани учун унга қарши иш очди.

15 июнь куни Португалиядаги нашр Роналду «Реал»дан кетишни истаётгани, бунга у ўзини клуб томонидан қўллаб-қувватланмаётгани ҳақида хабар тарқатди. Кўп ўтмасдан футболчи терма жамоадаги шерикларига Мадриддан кетишга қарор қилгани ҳақида маълум қилди.