Португалияда ўрмон ёнғинлари билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда: энг хавфли жой Гойш муниципалитети бўлиб қолмоқда. Бу ердан 27 қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинди. Бу ҳақда мамлакатнинг ички ишлар бўйича давлат котиби Жорже Гомиш RTP телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

20 июнда мутахассислар мамлакатнинг марказий қисмида авж олаётган ёнғинни тўлиқ назоратга олишга муваффақ бўлишларини айтгандилар. Бироқ иссиқ ҳаво ва кучли шамол туфайли олов янги куч билан, биринчи навбатда, 4,5 минг киши яшовчи Гойш муниципалитетида тарқала бошлаган. Кун давомида ёнғин билан қамраб олинган ҳудудларга яқин жойлашган қишлоқлар аҳолиси эвакуация қилинган. Вазият тутун туфайли кўриш даражаси ёмонлашгани сабабли оғирлашган ва самолётлар бу ҳудудларда мунтазам ишлай олмаяпти.

60 дан кўпроқ одам ҳалок бўлган Педроган-Гранди муниципалитетида вазият анча яхшиланди. У ерда ёнғин билан қамраб олинган ҳудуднинг 85 фоизида ёнғин ўчирилган. Ҳаммаси бўлиб 30 минг гектардан кўпроқ ўрмон йўқ бўлган. Охирги маълумотларга кўра, 64 киши ҳалок бўлган, 150 га яқин киши жароҳат олган. Бу ерда ёнғинни ўчиришда 17 та самолёт ва 4 та вертолёт, 1,2 минг нафар ўт ўчирувчи, 400 дан кўпроқ транспорт воситаси иштирок этмоқда.   

Португалияда ёнғинларга қарши ҳаммаси бўлиб 2,2 минг ўт ўчирувчи кураш олиб бормоқда. Улар бир неча кундан бери табиий офатга қарши тинимсиз курашиб келмоқдалар. Мамлакатда жабрланганларга моддий ва гуманитар ёрдам, ўт ўчирувчилар учун сув ва егуликлар йиғилмоқда.

Португалияга ёрдамга Испания, Италия ва Франциядан амфибия самолётлар етиб келган. Испания, шунингдек, қўшнисига ўт ўчирувчилар ва ҳарбийлар жўнатган.  

17 июнда Педроган-Грандида кучли ёнғин чиқишига дарахтга чақмоқ келиб урилиши сабаб бўлган.  Иссиқ ҳаво ва шамол туфайли олов ўрмон массиви бўйлаб тезда тарқалган ва бу жойдаги аҳоли пунктларига ўтиб кетган. 

Португалияда ёзда ўрмон ёнғинлари мунтазам равишда юз бериб туради, бироқ бундай катта қурбонлар билан кечган ёнғинлар бир неча ўнлаб йиллар давомида кузатилмаган.