Ўзбекистон Республикаси Президентининг бугун қабул қилинган «Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига шарҳ эълон қилинди.

Бугунги кунда юртимизда 525 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғи кичик ва хусусий бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган бўлиб, улар республикамиз меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 78 фоиздан ортиғини иш билан таъминламоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, жумладан, бизнес соҳаси вакиллари ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ва фойдали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, вилоятлар ва туманларда бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига, аввало, вилоятлар, шаҳар ва туманларда сифатли давлат хизматлари тақдим этилишини таъминлаш давлат органлари ва тадбиркорлик тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлигини, айниқса, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини энди бошлаган даврларда уларни қўллаб-қувватлашнинг янги самарали тизимини яратишни тақозо этади.

Юқорида кўрсатилган вазифаларнинг ҳал этилиши нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳисобланиб, мақоми, йўналиши ва фаолияти кўлами, мулк шаклидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектларини бирлаштириб турувчи Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан таъминланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони, аввало, тадбиркорлик фаолияти ривожланиши ва бизнеснинг қонуний манфаатлари муҳофазасини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолияти тубдан такомиллаштирилишини назарда тутади.

Фармонда Савдо-саноат палатасининг қуйидаги аниқ ва энг муҳим вазифалари белгилаб берилган:

а) тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида:
•тадбиркорлик субъектлари, айниқса, уларнинг ўз фаолиятини йўлга қўйиш даврида қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, соҳанинг жадал ривожланишига ҳар томонлама кўмак бериш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг устуворлик роли ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимиз туман ва шаҳарларида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш;

•ваколатли органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда таҳлил натижаларини тизимли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли органларга тақдим этиш;

•тадбиркорлик фаолияти соҳаси қонунчилигининг авваламбор маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилиши устидан жамоат назоратини ўрнатишнинг самарали тизимини жорий этиш ва уларнинг фаолияти бўйича мустақил баҳолаш мезонини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш;

•давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари ва ходимларига нисбатан шикоят аризалари билан мурожаат қилган тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш;

•тадбиркорлик субъектлари фаолияти мониторингини амалга ошириш ҳамда улар фаолияти текширувларида Палата аъзоларининг иштирок этиши.

б) ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида:
•тадбиркорликка оид қонунчиликни такомиллаштириш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши устидан жамоат экспертизасини ташкил этиш ва жамоат назоратини кучайтиришга кенг жалб қилиш;

•тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантириш бўйича давлат дастурлари, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этиш;

•тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга фаол жалб қилиш, тадбиркорлик тузилмалари билан биргаликда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини, жумладан, саноат, транспорт, қурилиш, молия, ахборот-коммуникация технологиялари, савдо ва хизматлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа соҳалар бўйича эксперт кенгашларини ташкил этиш;

•тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини мустаҳкамлаш, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришни кучайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш; 

•республика туманлари (шаҳарлари), вилоятлари кесимида жойлардаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолати ҳамда қонунчиликдаги меъёрлар ва талабларнинг амалга оширилиши натижалари бўйича ҳар чоракда таҳлил ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли органларга уларни яхшилаш бўйича таҳлилий материаллар ва таклифларни тақдим этиш.

в) тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш соҳасида:
•тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ва янада ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш, давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектлари хизматларидан фойдаланиш имкониятлари ва шароитларини тақдим этиш, маслаҳат ёрдами ва ахборот таъминотини тақдим этишда қуйидагилар орқали кўмаклашиш:

•янгидан фаолият бошлаётган тадбиркорларни жойлаштириш учун бизнес-инкубаторлар яратиш ва фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларга бизнес-режаларни тайёрлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотларни олиш ва амалий масалаларни ҳал этишда эксперт, ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш;

•тадбиркорларнинг инвестиция ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштириши, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотларни олишга кўмаклашишини таъминлаш;

•тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда, улар фаолияти бўйича текширувлар ўтказилганида тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ва юридик ёрдам кўрсатиш;

•молиявий ва товар-хомашё ресурслари, мухандислик-коммуникация тармоқлари, технологик машиналар ва қурилмалар, ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, ер участкаларидан фойдаланишда амалий ёрдам кўрсатиш;

•Савдо-саноат палатаси аъзолари ва ҳамкорлари иштирокида жамоатчилик асосида қўмиталар, ишбилармонлик ва мувофиқлаштириш кенгашларини ташкил этиш;

•инновация тадбиркорлигини жорий этишга, «startup» лойиҳалар, ёшларнинг, авваламбор олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг ўз бизнесини ташкил қилиш ва юритишга, шунингдек, аҳоли бандлиги ва даромадларининг жадал ўсишини таъминлашга хизмат қиладиган кичик, хусусий ва оилавий тадбиркорлик, касаначиликнинг турли шаклларини жадал ривожлантиришга фаол кўмаклашиш.

г) давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида:
•давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари – қонунчилик, суд ва ижро ҳокимиятлари, шунингдек, банк-молия ташкилотлари ва бозор инфратузилмасининг бошқа субъектлари билан ўзаро ҳамкорликнинг самарадорлигига хизмат қиладиган тизимнинг янги шаклларини жорий этиш;

•тадбиркорлик субъектлари билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро муносабатларни самарали ташкил этишга кўмаклашиш, «тўғридан-тўғри ва қайта алоқа» тамойили бўйича ўзаро ҳамкорликнинг амалий ва самарали механизмини яратиш;

•тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қабул қилиш ва қайта ишлаш, ваколатли органларга кўриб чиқиш учун тақдим этиш, шунингдек, уларнинг ижро этилиши мониторинги ва таҳлилини олиб бориш;

•вилоятлар марказлари, туманлар ва шаҳарларда Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг ваколатли давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, давлат хизматлари тақдим этувчи хўжалик бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш.

д) тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида:
•тадбиркорлик тузилмалари учун кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими сифатини тубдан ошириш, иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, таълим йўналишлари ва ихтисосликлари бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш, ҳар бир туман ва шаҳарларда қуйидаги усуллар орқали кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш доимий курсларини ташкил этиш:

•Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, шунингдек, Республика тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш маркази ва унинг ҳудудий филиаллари билан касб-ҳунар коллежлари негизида машғулотлардан бўш вақтларда ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш;

•марказ фаолиятининг йўналишлари бўйича халқаро молия институтлари, хорижий донорлар ва чет давлатларнинг тадбиркорларни ўқитиш бўйича муқобил марказлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

•тадбиркорларга бизнес юритиш асослари, бизнес-режалар тузиш, тадбиркорлик фаолияти соҳасида қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа зарур фанларга ўқитишни ташкил этиш бўйича тадбиркорлик субъектлари учун ўқув курсларини ишлаб чиқиш ва ўтказиш;

•ходимларни танлаш ва ўқитишда, уларнинг профессионал малакасини доимий оширишда тадбиркорларга яқиндан кўмаклашиш, ҳудудлар ва тадбиркорлик соҳаларида малакали кадрларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлашга давлат буюртмасини шакллантиришда иштирок этиш;

•таълимни ташкил этиш учун олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежларининг ўқитувчилари, амалиётчи-мутахассислар, юқори натижаларга эришган тадбиркорлар ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш.

е) ташқи иқтисодий фаолият ва инвестицияларни жалб қилиш соҳасида:
•мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектларининг халқаро ишбилармонлик ҳамжамиятига интеграциялашуви, маҳаллий корхоналар маҳсулотларининг ташқи бозорларга чиқарилишини таъминлаш, миллий брендларни хорижда фаол илгари суриш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни, шунингдек, замонавий технологияларни жалб этиш;

•бизнес-форумлар, кўргазмалар ва ярмаркаларни ташкил этиш ва уларда маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлаш;

•тадбиркорлик субъектларига ишончли ҳамкорлар, янги бозорларни излаш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларга йўналтириш, экспорт турларини кенгайтириш ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, уларга ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишда ёрдам кўрсатиш;

•ташкил этилган кичик саноат ва эркин иқтисодий зоналарда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга оид лойиҳаларни амалга ошириш доирасида тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хорижий инвесторларга ҳар томонлама кўмаклашиш;

•ушбу муҳим ва долзарб вазифаларни амалга оширишда мамлакатимизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг чет элдаги ваколатхоналари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш.

Давлатимиз раҳбарининг «Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Савдо-саноат палатаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тўғрисидаги хулосани бериш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Яъни, тадбиркорлик соҳасидаги барча лойиҳалар мажбурий равишда Савдо-саноат палатаси билан келишилиши зарур.

Назорат органлари томонидан режалаштирилган текширувлар ҳақида аввалдан Савдо-саноат палатасига хабар берилиши, шунингдек, давлат органлари, жумладан, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳузурида ташкил этиладиган жамоат маслаҳат кенгашлари таркибига Савдо-саноат палатаси вакилларининг киритилиши тартиби жорий этилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бизнес-ҳамжамияти билан давлат органлари ўртасида мулоқот қилишинг самарали механизмини йўлга қўйиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Фармонда Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталари ҳамкорликда хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва ходимларининг ҳисоботларини тинглаш назарда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан муаммоли масалаларни, бизнес-ғояларни ҳамда лойиҳаларни муҳокама қилиш бўйича тизимли асосда учрашувлар ўтказиш, бизнес доиралар, илмий ҳамжамият, Ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги мулоқотларга кўмаклашиш мақсадида ҳар йили бизнес-ҳамжамият, минтақавий ва халқаро бизнес вакилларининг Иқтисодий форумини ўтказиш кўзда тутилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси олдига қўйилган вазифаларни ҳамда берилган қўшимча ҳуқуқ ва ваколатларни тўлиқ ва самарали амалга ошириш мақсадида Фармон ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда Савдо-саноат палатасининг ташкилий-бошқарув тузилмасини тубдан такомиллаштириш назарда тутилган.

Хусусан, Тадбиркорликка кўмаклашиш марказларининг ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, улар давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектларининг хизматлари, бизнес-хизматлардан бир жойда фойдаланиш учун зарур шароитлар яратиш ва имкониятларни тақдим этиш орқали тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Бунда ташкил қилинаётган Марказларнинг тадбиркорларга «ягона дарча» тамойили асосида давлат хизмати кўрсатиш субъектлари билан, шунингдек, банк, лизинг, суғурта, аудиторлик, баҳолаш, риэлторлик компаниялар ва бошқалар каби бозор инфратузилмаси субъектлари билан узвий алоқалар ташкил қилиш назарда тутилган. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида уларнинг шаҳар ва туманларда бўлинмалари билан Марказлар ташкил этилади.

Шу билан бирга, хорижий инвесторлар, шунингдек, чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларда миллий компанияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофаза қилишини таъминлаш мақсадида Савдо-саноат палатаси таркибида Халқаро арбитраж судини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Қабул қилинган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофазаси кафолатлари кучайишини таъминлаш, бизнесни ташкил этиш ва юритишда ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, сифатли давлат хизматларини тақдим этиш, шунингдек, бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича тадбиркорлар билан ахборот алмашинувининг самарали усулини жорий этиш имконини беради ва мамлакатимизда хусусий мулк ва тадбиркорликнинг янада ривожланиши, чет эл инвестицияларининг кенг жалб қилиниши ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқишига хизмат қилади.