Самарқанд вилоят перинатал марказида тиббий кислород ишлаб чиқариш мини заводи ва эндогинекология ўқув маркази ташкил этилганлиги муносабат билан тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Кун.uz’га Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти бошқаруви раиси Таня Гённер, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нейтҳарт Ҳёфер ва бошқалар сўзга чиқиб, икки давлат ўртасида дўстона ҳамкорлик алоқалари доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратишди. Айниқса, тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ҳамкорлик ижобий натижалар бераётганлиги эътироф этилди. Ҳамкорлик доирасида вилоят перинатал марказида амалга оширилган ишлар бунинг ёрқин исботи эканлиги таъкидланди.

— Марказимизда беморларга бир йиллик дори-дармон учун 300 миллион сўм маблағ ажратилади, — дейди вилоят перинатал маркази раҳбари Б. Жуманов. — Шундан тиббий кислородга бўлган эҳтиёжни қондириш ва уни ташиб келиш учун 160 миллион сўм маблағ сарфланади. Зарур дори-дармон учун 140 миллион сўм маблағ қоларди, холос. Бу бир йилда ўртача 7000 та туғруқ кузатиладиган марказда бир мунча қийинчиликларни туғдирарди. Тиббий кислород ишлаб чиқариш мини заводининг ишга тушиши ҳар бир туғруқ учун ўртача 43 минг сўмдан дори-дармонга маблағ ажратиш имконини беради.  

Мазкур ишлаб чиқариш генераторининг умумий қиймати 90 минг еврога тенг бўлиб, ускуна Белгияда ишлаб чиқарилган. Ўрта Осиёда ягона бўлган мазкур кислород ишлаб чиқариш мини заводи Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти кўмагида ташкил этилди.

Шунингдек, марказда ташкиллаштирилган эндогинекология ўқув маркази Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти кўмагида сотиб олинган иккита «KARL STORZ» лапроскопик тренажёрлари ва замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Бу эса соҳа ходимларининг эндовизуал соҳасидаги малакасини оширишга хизмат қилади.