Эрон томондан Суриядаги ИШИД позицияларига берилган ракета зарбалари оқибатида камида 65 террорчи йўқ қилинган. Бу ҳақда Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси баёнотига иқтибос келтирган ҳолда Press TV телеканали хабар бермоқда.

Аввалроқ корпус Сурияда террорчилар базаларига ракета зарбалари бергани маълум қилинганди. Зарбалар ўрта масофаларга мўлжалланган баллистик ракеталар билан Даур-аз-Зўр вилоятидаги террорчилар базаларига "Теҳронга қилинган ҳужумга жавобан" берилган. Ҳаммаси бўлиб 6 та ракета учирилган.     

Баёнотда айтилишича, ИШИДнинг Ал-Муҳасан шаҳридаги марказига берилган зарба оқибатида 15 жангари, жумладан жангарилар етакчиларидан бири Саъд ал-Косабий йўқ қилинган.

Шунингдек, ИШИДнинг Суриядаги янги қўрғони деб аталаётган Ал-Маядин шаҳрига берилган зарба оқибатида 27 жангари, жумладан 6 нафар ливиялик дала қўмондони йўқ қилинган. 

Теҳронда бу зарбалар Сурия ҳукумати билан келишилган ҳолда амалга оширилгани маълум қилинган.