Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид кўплаб қимматбаҳо экспонатлар хорижий давлатларнинг музейлари ва архив фондларида сақланмоқда. Ушбу маданий мерос ёдгорликларини аниқлаш ва тадқиқ этиш, имкон қадар мамлакатимизга олиб келиш юзасидан кейинги йилларда муайян ишлар қилинди.

Айни вақтда халқимиз, хусусан, ёшларимизни ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд этиш, тарихимиз ва маданиятимизнинг номаълум саҳифаларини чуқур ўрганиш, чет эллардаги Ўзбекистонга оид маданий бойликлар ҳақида тўлиқ маълумотлар базасини яратиш, бу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. ЎзА шу ҳақидаги маълумоти билан бўлишди. 

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

- миллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, чет элларда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси – реестрини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, ана шу тарихий экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш, тегишли илмий марказлар, хусусан, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориб, эришилган натижаларни илмий муомалага киритиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш;

- фаолият йўналиши бўйича хорижий давлатлардаги музей ва фондлар, архивлар, илмий-маданий муассасалар билан ўзаро маданий алоқаларни йўлга қўйиш, турли анжуманлар, конференция ва кўргазмалар ташкил этиш;

- чет мамлакатларда сақланаётган маданий бойликларни юртимизга қайтариш юзасидан музокаралар олиб бориш ва зарур чора-тадбирлар кўриш, бу борада халқаро миқёсдаги илғор тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш;

- маданий бойликларнинг олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ва самарали бажарилишини таҳлил қилиш, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, халқаро шартномалар ва умумэътироф этилган нормаларни миллий қонунчилигимиз нуқтаи назаридан атрофлича ўрганиш;

- хориждаги мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни оммавий ахборот воситаларида, жумладан, глобал интернет тармоғида кенг ёритиш, улар ҳақидаги библиографик тўпламлар, каталоглар, китоб-альбомлар ва бошқа матбаа маҳсулотларини турли тилларда нашр этиб бориш;
- тўпланган материалларни мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида илмий муомалага киритиш.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юкланди.