Абдулла Арипов ер ололмаган фермернинг муаммоси билан шахсан шуғулланадиган бўлди

Ўзбекистон 21 Июнь 2017 18623
Фото: kun.uz

2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон банклар Ассоциацияси биносида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда дастлаб Савдо-саноат палатасининг собиқ раиси Алишер Шайхов, кейинроқ республика бош вазири Абдулла Арипов сўзга чиқди.

Кун.uz мухбирининг хабар беришича, қурултой давомида Бош вазир Абдулла Арипов мамлакатнинг турли ҳудудларидан  ташриф буюрган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этди.  Мулоқот чоғида тадбир қатнашчилари тадбиркорлик соҳасидаги мавжуд муаммолар юзасидан саволлар беришди. 

Таъкидлаш жоизки, ушбу йиғилишда кўплаб муаммоли масалаларга ижобий ечим топилди. 

Жумладан, 2016 йилда Тошкент вилоятида яшовчи фермер 100 бош сигири 200 тага кўпайгани сабабли ҳукуматдан ер ажратилишини сўраб мурожаат қилган. Бироқ унинг хатига бир йил давомида ҳеч қандай жавоб келмаган. 

Абдулла Арипов ушбу масалага қуйидагича изоҳ берди:

“Президентимиз тадбиркорларнинг муаммоларини ечиш бўйича барча қонуний чора-тадбирларни кўрдилар. Бироқ маҳаллий идораларда ҳамма ишлар кўнгилдагидек бажарилмоқда, деб айта олмаймиз. Албатта, ҳар бир қорамолга ем ейиши учун, ҳаракатланиши учун жой керак”. 

Бош вазир ушбу масаланинг зудлик билан ҳал этилишини Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклади ва бу иш билан шахсан ўзи шуғулланишини айтиб ўтди.

“Мен қарорни чиқарганимдан сўнг вилоят ҳокими яна кўп сарсон қилиши мумкин. Лекин бир нарсани ваъда бераман: Мен ҳар қандай ишни охирига етказаман. Бу ишни қайси ҳоким бўлишидан қатъи назар, албатта, амалга оширамиз", - дея қайд этди Бош вазир.

Кўпроқ янгиликлар