“Билиб қўй, мазанг қочади...” (Журналистнинг бошидан кечирганлари)

Жамият 21 Июнь 2017 26856

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришга қаратилган кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги каби қатор Қонунларнинг қисқа вақт ичида қабул қилинганлиги фикримиз тасдиғидир. 

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар соҳада улкан ўзгаришлар ясалишига мустаҳкам асос бўлиши, шубҳасиз. Аммо суд-ҳуқуқ тизимида ҳали ҳам ўзибўларчилик, фуқароларни сарсон қилиш, порахўрлик каби камчилик ва жиноятлар тўла барҳам топмаганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Жумладан, бу тўғрида мамлакатимиз раҳбари жорий йилнинг 13 июнь куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидлаб ўтди.

Sangzor.uz сайтида “Жиззах ҳақиқати” газетасининг махсус мухбири Алижон Абдусатторов томонидан эълон қилинган мақолада эса мазкур ислоҳотларга қарши ўлароқ жойлардаги сансоларлик, бюрократизм ва раҳбарлар томонидан дўқ-пўписали хатти-ҳаракатлар тилга олинган. Мазкур мақола қуйидаги мазмунга эга:   

“Президентимиз аниқ мисоллар орқали судлар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар ва қонунбузарликлар ҳақида батафсил маълумот бериш асносида қонунбузилишларга нисбатан кескин чоралар кўрилажагини ва суд тизими томонидан йўл қўйилган ҳар бир адолатсизлик давлатга хиёнат эканлигини билдирди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти тизимини прокуратура органлари ихтиёрига ўтказишга доир тўхтам ҳам Юртбошимизнинг бу борадаги вазиятдан, халқимиз ҳаётидан теран хабардор эканлигини кўрсатиб турибди.

Шу ўринда мавзуга доир бир воқеа ҳақида сўзлаб беришга рухсат этсангиз. Очиғи, дастлаб мазкур мавзуда ёзишга иккиландим, аммо Президентимизнинг одил судлов орқали инсон манфаатларини таъминлаш тўғрисида куюнчаклик билан билдирган фикрлари мени қалам тутишга ундади. Иккаланишим сабабларини ҳам қуйироқда билиб оласиз.

Т У Ҳ М А Т

 

 Кутилмаганда суддан чақирув қоғози олдим. Аммо нима учундир чақирув қоғозида суд номи ва менга қанча жарима белгиланганлиги ҳамда сана кўрсатилиши керак бўлган жой очиқ қолдирилган эди.

Чақирув қоғозидаги ўз ихтиёрим билан суд ижрочиларининг Жиззах шаҳар бўлимига бормасам, бу ишга милиция киришиши ва мендан 1 миллион 497 минг 750 сўм ундирилиши тўғрисидаги жумлалар қоғоз қуйисида келтирилган Б.Т.Чўлибоевнинг телефон рақамига сим қоқишга ундади.
Судга чақирув қоғози 

Телефонни аёл кўтарди. Унинг овозидан судда ишламаслигини сезсам ҳам сўрадим: “Мабодо сиз судда ишламайсизми?”. Инкор жавобини олгач, Чўлибоевни суриштира бошладим. Маълум бўлишича, чақирув қоғозидаги телефон рақами нотўғри экан. Атай қилинганми ёки адашиш бўлганми, бир нарса дейиш қийин. Қисқаси, “Жиззахшаҳаргаз” 890 минг 550 сўм қарзи бор, дея мени судга берибди. Аммо қарзим йўқлигини жуда яхши билардим.  

Суд ижрочиси Бобур Чўлибоевдан вазиятнинг ечими хатлов, суд ва ижро харажатларини тўлаш эканлигини билиб олдим. Хатлов давомида газ учун 190 минг сўмдан кўпроқ маблағни ошиқча тўлаганлигим аниқланди.  398 куб газ учун олдиндан тўлов қилганлигим тўғрисида “Жиззахшаҳаргаз”дан маълумотнома олдим. Аслида газ учун бундан-да кўпроқ пул тўлаганман. Сўнгги 200 минг сўмлик тўловим корхона ҳисобига 23 кун ўтса ҳам кирим қилинмабди(?!). 

“МАЗАНГНИ ҚОЧИРАМАН...”

Қарзим йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани олиб, суд ижрочиларининг Жиззах шаҳар бўлимига бордим. Бобур Чўлибоев йўқ экан, унинг ҳамхонаси Жаҳонгир Рамизовга учрашдим. Жаҳонгир Рамизов ижро йиғими ва суд учун давлат божини тўлашим шартлигини айтди, мен эса қарзим бўлмаса нима учун тўлов қилишим кераклигини билдирдим. У қўполлик билан тўлов қилмасам, жаримага тортишини айтиб, ҳужжатларим устига “Тўловдан бош тортди” деб ёзиб қўйди. Унинг муомаласи устидан шикоят қилмоқчилигимни баён қилдим ва “Шикоят қилаверинг, мен бу ерда жамоатчилик асосида ишлайман, бироқ шундай бўлсада мазангизни қочириб қўйиш қўлимдан келади”, деган жавобни эшитдим.

Мана шу гап ортиқча эди, назаримда. Қарзинг бўлмаса, олдиндан тўлов қилган бўлсанг-да “қарздор” деб судга беришса, камига “жамоатчи” мазангни қочирмоқни ваъда қилса. Йигитча бу гапларни юраги хаста бирор қарияга айтса борми...

Шундай қилиб, бошимдан ўтганлари ҳақида ёзишга қарор қилдим. Тўғри, одамнинг ўзи ҳақида ёзиши ноқулай, буёғи касб этикаси. Аммо газ таъминоти идорасидан судга бериб юборилганлар жуда кўпчиликни ташкил қилиши мени бу ишга ундади. Шу ўринда  суд ижрочиларининг Жиззах шаҳар бўлими бошлиғи Олимжон Қиличбековнинг мазкур масалалар бўйича билдирган фикрлари:

— Суд орқали маблағ ундиришга доир ишларнинг 60-70 фоизи “Жиззахшаҳаргаз” ҳиссасига тўғри келаяпти. Яна ҳам қизиғи, улар томонидан судга берилганларнинг 50 фоизи аслида қарздор бўлиб чиқмаяпти. Жамоамизда 12 ходим ишлайди, “Жиззахшаҳаргаз” томонидан ишнинг сунъий тарзда кўпайтирилаётганлиги бизни ҳам қийнаб юбораяпти. Ташкилотнинг одамларга моддий ва маънавий зарар етказаётгани ҳам бор гап. Аммо суд буйруқ чиқаргач, бажаришга мажбурмиз.  Электр таъминоти корхонасида бу борада иш тартибга тушиб қолган, аммо газ идорасида ҳисоб-китоб йўқ. Ходимимиз Жаҳонгирга келадиган бўлсак, унинг учун узр сўрайман, ёшда...

Бошлиқнинг хонасидан чиққач, режа туза бошладим. Мени судга берганларни мен ҳам судга бераман, моддий ва маънавий зарарни ундираман. Майли суд ва ижро харажатларини тўлайман. Шу мақсадда “мазамни қочирмоқчи” бўлган Жаҳонгирга учрашдим. У ниятидан қайтмаган экан. Йигитча тўлов қоғозида ижро йиғими учун 8 минг 905 сўм тўлашим керак бўлган жойга 89 минг 5 сўм ёзиб берибди.  Хуллас, Жаҳонгир мендан 80 минг сўм кўпроқ юлмоққа бел боғлаган. У жамоатчилик асосида ишлайди, балки шу йўл билан пул топар, яна ким билади?

Суд ижро тўлов қоғози 

Битта идоранинг ишида "чалкашлик"ларнинг бунчалик кўплиги ҳайратимни оширди. Чақирув қоғозини эплаб тўлдиришмаса, телефон рақамини нотўғри ёзишса, яна чўнтагингга кўз олайтиришса... бу ерда аҳвол шундай бўлса, бошқалардан ўпкалашга ҳожат борми?

БАРИБИР ТУХУМ СИНАДИ

Умуман олганда, бу идораларда ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш урфдан қолган кўринади. Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг судьяси Ў.Разыков чиқарган суд буйруғи шундай хулосага ундайди. Буйруқда мени Жиззах тумани, Ахборот технология коллежида туғилган, деб ёзишибди. Аслида камина Ғаллаорол туманида таваллуд топганман. Жиззах туманидан эканману, буни билмасдан ўтиб кетишимга сал қолибди. Айтганча, Шароф Рашидов туманида туғуруқ коллежда қабул қилинадими?

Хуллас, суд ва ижро харажатларини тўлаб, судга ариза ёздим. Топширган ҳужжатларимда камчилик бор, деб икки марта қайтаришди. Қайтаришларнинг асл сабаби суд харажатларини яна менга тўлатиш эди. Қисқаси, газчилар мени судга берса ҳам, уларни мен судга берсам ҳам суд харажатларини камина тўлаши керак экан. Нақлда айтилганидек, тошга тухум урилса ҳам, тухумга тош урилса ҳам тухум синади. 

Ортиқча чопа-чопга вақтим ҳам, хоҳишим ҳам йўқлиги сабаб судлашишдан воз кечдим. Энди мени қандай ҳужжатлар асосида судга берилганим қизиқтирарди, шу тўғрида интервью олишга ҳаракат қилдим. Ўн марталар телефон қилиб, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди раисининг вақти йўқлиги ёки ўзи телефон қилажаги тўғрисидаги жавобдан ўзгасини ололмадим. Шундан сўнг фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига телефон қилдим. Агар интервью олишимга қўйишмаса, Олий судга чиқиш ниятим борлигини билдирдим.

Суд буйруғи 

Мени судья Собир Кулиев қабул қилди ва саволларимга қуйидагича жавоб қайтарди:

— Газ таъминоти идоралари Солиқ кодексига мувофиқ, судга тўланадиган давлат божидан озод қилинган. Шу сабабли икки ҳолатда ҳам суд харажатларини сиз тўлашингизга тўғри келади. Сўраётган масалангиз бўйича интервью учун Олий суддан рухсат олишингиз керак, бу тўғрида Олий суднинг кўрсатмаси бор. Кўрсатмани кўриш учун фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг раисига ёзма мурожаат қилишингиз зарур.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судидан чиқиб кетар эканман, Алишер исмли суд ходими ижирғаниб, “Сиз судья билан гаплашишда 5 та хатога йўл қўйдингиз”, деди. Табиийки, хатоларимга қизиқдим. У бўлса, жеркиш ва пўписа оҳангида “Жойи келса, билиб оласиз” деди.

«ПОДРЯД»НИНГ ИЧИДА СИЗ ҲАМ БОРСИЗ

Ана шунақа гаплар. Энди “Жиззахшаҳаргаз”да бошимдан кечирганларимга тўхталсак, қарзим йўқлиги тўғрисида маълумотнома олиш ташвиши билан юрган кезларимда менинг судга берилишим сабабчиси — Ўша вақтда назоратчи бўлиб ишлаган, ҳозирда участка раҳбари Нормат Давроновдан судга берилганлигим боисини сўрадим. У “уйда бўлмаган бўлсангиз керак, Ўша вақти ўша кўчани подряд судга бериб юборганмиз” деди. Унинг гап оҳанги зериккан одамнинг эснашига ўхшарди.

Янада ажабланарлиси, қарзим йўқлиги тўғрисида менга маълумотнома берилган бир пайтда “Жиззахшаҳаргаз”да сақланаётган абонент картамда 1 миллион 997 минг 131 сўм 42 тийин қарзим борлиги кўрсатилганди. «Шоввоз»лар йўқ қарзга 631 минг сўм пеня ҳам қўшиб қўйишибди. Газчилар бундай “қойилмақом” натижага газ ҳисоблагичимдаги кўрсаткичларни ҳужжатларда сохталаштириш орқали эришганлар. Аслида газ ҳисоблагичда менинг 3 минг 526 куб газ ёққаним акс этиб турибди. Уларнинг ҳужжатларида эса 13 минг 511 куб (?) газ ишлатганим ифодаланган. Яна ҳам аниқроғи 9 минг 985 куб газни ноқонуний тарзда менинг ҳисобимга ёзиб қўйишибди. 23 кун илгари қилган 200 минг сўмлик тўловим ҳам ҳеч жойда акс этмаганлигини абонент картани қўлимга олганимдан сўнг билдим. 

Вилоят аҳолисининг, жумладан, Жиззах шаҳрида яшовчиларнинг газдан қарздорлиги миллиард-миллиард сўмни ташкил этаётганлигининг сири мана шу каби "қойилмақом амалиёт"ларга бориб тақалса, ажаб эмас. Энди истеъмолчининг қай тартибда судга берилиши ҳақида маълумот. 

— Судга бериш учун 3 кун муддатда қарз тўланиши лозимлиги, акс ҳолда истеъмолчининг иши судга оширилиши тўғрисида назоратчи ёзма огоҳлантириш хати бериши керак, — дейди "Ўздавнефтгазинспекция" ҳудудий вилоят бўлимининг бош мутахассиси Баҳодир Хидиров. — Бу муддатда қарз тўланмаса, филиал раҳбарияти топшириғи билан қарздор газ тармоғидан узилади. Бу тўғрида далолатнома тузилиб, унга чилангар, назоратчи, ҳудуд устаси ва истеъмолчи имзо қўйиши керак. Агарда истеъмолчи далолатномага имзо қўйишдан бош тортса, МФЙ вакили ёки икки нафар холис имзо қўяди. Шунингдек, МФЙдан фуқаронинг ўша манзилда яшаши тўғрисида маълумотнома олиниши зарур. Бу ҳужжатларнинг барчаси жамланиб, бўлим бошлиғига топширилади. Ҳужжатларни бўлим бошлиғи филиал бошлиғига, бошлиқ корхона ҳуқуқшуносига беради. Судга тақдим этилажак ҳужжатларга фуқаро ва газлаштириш идораси ўртасида тузилган шартнома нусхаси илова қилинади. Мазкур ҳужжатлар асосида судга даъво аризаси киритилади. Даъво аризасига раҳбар қўл қўйиши ҳамда судга берилган ҳужжатларнинг бир нусхаси газ таъминоти идорасида сақланиши шарт.

ҚЎЧҚОРМИСАН, ҚЎЙМИСАН?

Мени на огоҳлантиришган, на далолатнома тузишган, на қувурни кесишган. Судга берилганимни МФЙдагилар ҳам билишмайди. Шунча маълумот билан "Жиззахшаҳаргаз" филиалига бордим. Корхона бошлиғи Шавкат Холматов ҳеч бўлмаса, узр сўрар, деб ўйлаган эдим, аммо...

Сиз яхшиси, у киши билан қилган суҳбатимиз тафсилоти билан танишинг. Айтганча, раҳбар ишни ҳужжатимни кўздан кечиришдан бошлади.

— Сизга ҳеч туҳмат қилишганми, дедим.
— Ҳар куни туҳмат қилишади, лекин асабимни бузмайман, нега бунақа савол бераяпсиз?
— Мени газдан қарзинг бор, деб судга беришибди, аслида қарзим йўқ, мана маълумотнома.
— Ўқиб кўрган бўлсангиз, маълумотноманинг амал қилиш муддати уч кун. Бундан ташқари, унга мен имзо қўймаганман.
— Тўғри, сиз қўл қўймагансиз, аммо шу корхонага раҳбарсиз, қоғозда муҳр борми?
— Бунга ўзингиз айбдорсиз, бирор марта келиб, сверка қилиб кетдингизми, ана келмагансиз, эслай олмаяпсиз. Бу тўғрида Вазирлар Маҳкамасининг қарори бор. "Жиззахшаҳаргаз"да 33 назоратчи ишлайди, улар 30 мингта абонентникига киришга икки ой деганда зўрға улгуради.
— Хўп келмаганим, менинг айбим, лекин нега хатловда қарзи йўқ, деб маълумот беришаяпти, аммо абонент картамда эса яхшигина қарзни бўйнимга илиб қўйишибди, у ҳам етмагандек, 20 кундан ошибди, 200 минг сўмлик охирги тўловим абонент картага кирмай қолаяпти?
— Ким берди абонент картани?
— Бунинг нима фарқи бор, мени судга беришга асос бўлган ҳужжатлар нусхасини кўрсата оласизми?
— Бизда нусха қолмайди, оригинали судга кетади, фуқаронинг исми-шарифи, қарзи тўғрисидаги маълумот қолади.
— Бир дақиқа шу гапингизни ёзиб олай.., кейинги саволим...
— Қўчқор ака... (овози баландлашди, исмимни беихтиёр Қўчқор деб атай бошлади, қўй демади, ҳарқалай). Сиз жуда чуқурлашиб кетаяпсиз, мен сиз билан гаплашмайман, боринг, вилоят газдан рухсат олиб келинг.
— Менга айта оласизми, нима учун сиздан интервью олиш учун юқори ташкилотингиздан рухсат олишим керак. Бунга ҳуқуқий асосингиз борми?
— Чиқ хонамдан, давлением кўтарилиб кетди, ҳозир мазам қочади.
— Сал аввал туҳмат қилишса ҳам асабим бузилмайди, дегандингиз, мен рост гапни айтаяпман.
— Чиқ, деяпман. (Бошлиқ хонадан чиқди ва шу идорада ишловчи бир қизни бошлаб келиб, мени кўрсатди, унга "Мана шу одамни кўрдингми, эслаб қол", деди. Қиз чиқиб кетди, Бошлиқ эшикнинг олдига бориб ўзини кетишга чоғлангандай тутди ва "Бл..." дея яна нималарнидир ғудранди).
— Ҳақорат қилаяпсизми?
— Бу бошланиши, ҳали шундай ёзувчи одамларни топиб устингдан ёздираман. Ҳужжатини кўрсатмади, дейман, ҳаммаси туҳмат, дейман, чиқ!
Очиғи, мезбоннинг бунақа муомаласи кулгимни қистатди. Бу ердан бошқа маълумот ололмаслигимни билиб, бошлиқнинг хонасини тарк этдим. Қизиқ, бундай одамлар қандай қилиб раҳбар бўлиб қолар экан? У ҳақлигимни билгани учунми, абонент картамга бир марта ҳам қараб қўймади.

БУ БОШЛАНИШИ...

Бошлиқнинг "бу бошланиши" дегани рост бўлиб чиқди. Шу куни кечқурун соат 19 лар атрофида уйимга маҳалламизга бириктирилган газ назоратчиси, мени судга берган участка устаси ва яна бир нотаниш киши келиб, газ ускуналарини кўздан кечирмоқчи эканликларини айтишди. Очиғи, уларнинг кечки ташрифи ёқмади. Шавкат Холматов одам етишмайди, деганди, бўларкан-ку уч кишини бирдан жўнатса. Назоратчининг яқинда келиб, хатлов қилганлигини айтсам-да, уларнинг уйимга кириш истаги сўнмади.

Жаҳлим чиқиб ҳужжат сўрадим. Бирида йўқ экан, ичкарига қўймадим. Икковлашиб, газ ускуналарини кўздан кечиришди, ҳужжатларга кўз югуртиришди. Шу пайт МФЙ раиси, котиб ва маслаҳатчи етиб келди. Газчилардан бирини киритмаганим учун кимдир фуқаролар йиғинига “газчиларни уйига киритмабди”, дея қўнғироқ қилибди. Хуллас, ушлайдиган нарса топа олишмади, шекилли, "ёзиш" фикридан қайтариш учун "узр" сўраган бўлишди, назоратчи мени танимаганлиги учун шундай йўл тутганлигини айтди. Демак, судга тортиш борасида ҳам "таниқли"ларда имтиёз бор, оддий одамларда-чи? 

Мен "Жиззахшаҳаргаз" бошлиғининг ўгитига амал қилиб, "Марказгазтаъминот" унитар корхонаси вилоят газ таъминот бошқармаси бошлиғи Мамаражаб Акбутаевга сим қоқдим, у киши ўша куни вақти йўқлигини айтди. Унга кутишимни билдирдим. Кейинги куни интервью олишим сабабини сўради. Мен айтдим. Шундан кейин Мамаражаб Акбутаев телефонни кўтармай қўйди. Умид дунёсида бир неча кун қайта-қайта телефон қилдим, фойдаси бўлмади.

НА МУЛОҚОТ, НА МАНФААТ...

Бир дўстим суд тимсоли ҳисобланган кўзи боғлиқ адолат худоси Фемида тўғрисида шундай гапни айтганди. "Биласанми, Фемиданинг боғичи остида кўзлар йўқ. Замоннинг зўрлари адолат тарозисини ўзларига маъқул томонга оғдириш учун бечоранинг кўзларини ўйиб олишган". Дўстимга ишонсак, назоратчилар зўрлар тоифасига киради, акс ҳолда судья унинг туҳматига асосланиб, етарли ҳужжатларсиз менга нисбатан суд буйруғи чиқармаган бўларди.

Очиғи, суд тизими ҳақида фикрим сал бўлакчароқ эди. Менимча, улар адолатли бўлиш қасамини ичишади. Қолаверса, инсоф, виждон деган тушунчалар ҳам бор. Президентимиз куйиб-ёниб халқ билан мулоқот қилинглар, инсон манфаатларини кўзланглар, деяпти. Мен бўлган идораларда бу гапларнинг акс-садоси эшитилмади ё менинг қулоқларим эшитмай қолганмикан?

Бундан ташқари ҳурматлидан ҳурматли азизлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда ахборот олиш эркинликлари ва кафолатларига доир қонунларни бўш вақтингизда бир варақлаб қўйинг. Агар мухбир мавжуд қонунчиликка зид талабингиз бўйича ҳар бир интервьюси учун юқоридан юқори ташкилотларнинг рухсатини кутаверса, нима бўлишини биласизми?

Алломанинг "Деворга калла қўйилганда, фақат бош ёрилади" деган гапи ростга ўхшайди. Шундай қилиб қўл силташимга тўғри келди. Илтимос, иродасизликда айбламанг. Мен бу мақолани қисқа ёзишга ҳаракат қилганман. Қайси идорага неча марта борганимни, кимларнинг эшиги тагида сарғайганимни, бу жараёнда кимларнингдир ижирғаниши, пўписаси ва ҳасратини юрагимдан ўтказишга мажбур бўлганимни ёзмадим, ёзганимда мени тушунган бўлардингиз.

Яна шуни билдимки, қайси идорада бўлмайин ҳеч ким қарзим бўлмасада ноҳақдан судга тортилганимни эшитиб, ажабланмади. Бу мазкур вазиятга ҳамма кўникиб қолганидан бўлса керак.  Мен оммавий ахборот воситаси ходими сифатида шунча ташвишларни бошдан ўтказдим, оддий одамлар нима қилишаяпти экан?
Айтганча, мақола тайёрлаш жараёнида "Жиззахшаҳаргаз" овораю сарсон қилган яна бир инсонни учратиб қолдим. Унинг воқеаси олдида менинг кечмишларим ҳеч гап эмас. Қисқаси, бунақа натижадан сўнг ҳафсала ва куч тополсам ёзарман ўша саргардон ҳақида...”
 

Кун янгиликлари
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 30790 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 16927 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 66559 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 57618 Жамият
Электр энергиясининг намунали истеъмолчилари рағбатлантирилади
Трамп АҚШ ҳукуматини ёпиш билан таҳдид қилди
10:50 3204 Жаҳон
Самарқанд вилоятида 6 миллион доллар қийматидаги трансформаторлар ишга туширилди
Трамп: Ким Чен Ин АҚШни ҳурмат қилишни бошлади
10:30 3939 Жаҳон
Шайхонтоҳур туманидаги қасддан одам ўлдириш фош этилди
10:27 3246 Жамият
Фарғонада ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган халқ таълими мудираси ишдан олинди
Кўпроқ янгиликлар