БМТ бош котиби Антонио Гуттериш Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки асосий масалага эътибор қаратди: сув ва минтақавий хавфсизлик. Бу ҳақида 21 июнь куни бўлиб ўтган Халқаро Пресс-клуб кўп томонлама ҳамкорлик масалаларига бағишланган йиғилишида БМТ координатори Саша Грауман маълум қилди. Тадбирда қатнашган "Кун.уз" мухбири шу мавзудаги маълумот билан бўлишди.

БМТ бош котиби Антониу Гуттериш Орол денгизига бориб, у ердаги вазият ва глобал муаммо билан яқиндан танишди. У бу сув ресурсларидан фойдаланишда етарлича кўп томонлама ҳамкорликнинг йўлга қўйилмагани натижаси сифатида қайд этди. Ҳозирда БМТ сувдан тўғри фойдаланиш бўйича икки катта конвенция ишлаб чиқмоқда. 

Шунингдек БМТ координатори Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев бошчилигида йўлга қўйилаётган таълим ва ёшлар сиёсатига доир ўзгаришларни юқори баҳолади. БМТ бош котиби Ўзбекистонда бўлганида Президент билан шу масалаларда ҳам суҳбатлашди. 

Бундан ташқари Ўзбекистон тараққиётининг Ҳаракатлар стратегияси муҳокама қилинди. Энг муҳими, бу Стратегияни ҳаётга тадбиқ қилиш давомида эришилган натижалардир, дейди БМТ координатори. 

"Келгуси йилларда Ўзбекистон қатор конвенциялар бўйича БМТга ҳисобот тақдим этиб боради. Шу боис Стратегиянинг барча йўналишлари бўйича Ўзбекистоннинг катта муваффақиятларга эришишга тилакдошман. 

Ўйлайманки, БМТ бош котиби ва Ўзбекистон Президенти ўртасидаги мулоқот икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Шу муносабат билан БМТнинг Ўзбекистондаги барча ташкилотлари Ҳаракатлар стратегияси дастурини амалга оширишда уни қўллаб-қувватлашга тайёр. Зеро бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун муҳим аҳамиятга эга", - дея сўзларини тугаллади координатор.