2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон банклар Ассоциацияси биносида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда дастлаб Савдо-саноат палатасининг собиқ раиси Алишер Шайхов, кейинроқ республика бош вазири Абдулла Арипов сўзга чиқди.

Кун.uz мухбирининг хабар беришича, қурултой давомида Бош вазир Абдулла Арипов мамлакатнинг турли ҳудудларидан  ташриф буюрган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этди.  Мулоқот чоғида тадбир қатнашчилари тадбиркорлик соҳасидаги мавжуд муаммолар юзасидан саволлар беришди. 

Таъкидлаш жоизки, ушбу йиғилишда кўплаб муаммоли масалаларга ижобий ечим топилди. 

Жумладан, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида яшовчи тадбиркор ҳам ўз саволи билан мурожаат қилди: “Мен 16 йилдан бери косметика маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланаман. Экспорт ҳажми ортганлиги туфайли баъзи бир хом-ашёни чет элдан импорт қилишга тўғри келади. Бироқ божхонада расмийлаштирув жараёни узоққа чўзилиши оқибатида маҳсулотларни экспорт қилиш қийинлашмоқда. Айрим юклар узоқ муддатгача божхонада қолиб кетмоқда. Шу масалани енгиллаштириш мақсадида маҳсулотларни аввалдан расмийлаштириб, тўғридан-тўғри ўзимизнинг омборга туширишнинг имкони борми?"

Абдулла Арипов ушбу масалага қуйидагича жавоб берди:

“Шаҳар бедарвоза бўлиши мумкин эмас. Бу жараённи бутунлай бекор қилишнинг иложи йўқ. Албатта, сизнинг вазиятингиздан келиб чиққан ҳолда эндиликда божхонага рейтинг тизимини киритишни тавсия қиламиз. Ушбу рейтинг орқали ҳар бир импортчиларни йиллар давомида маълум бир даражада тажриба орттирганига қараб, олиб келаётган маҳсулотини божхона назоратидан ўтказиш жараёни тезлаштирилади. Биринчи кун хом-ашё олиб кираётган одам билан 15 йиллик тажрибага эга бўлган тадбиркор ўртасида катта фарқ бор. Йиллар давомида ўзига яраша обрў-эътибор ва имиджига эга бўлган тадбиркорлар учун рейтинг тизими ишга туширилишини тавсия қиламиз”. 
 
Шунингдек, Бош вазир узоқ йиллик тажрибага эга бўлган тадбиркорларнинг божхона назоратидан ўтиш жараёнини соддалаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини маълум қилди.