Франция ҳукуматини адлия вазири Франсуа Байру ва Евроиттифоқ билан алоқалар ва ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Европа ишлари вазири Мариэль де Сарнез тарк этишди. Бу ҳақда BFMTV ёзмоқда.

20 июнь куни Франция мудофаа вазирлиги раҳбари мадам Сильви Гулар ҳам ишдан кетиш ҳақида ариза ёзгани маълум қилинган эди. Барча истеъфолар прокуратура томонидан «Демократик ҳаракат» (MoDem) партиясининг олий тоифали амалдорлари устидан очилган дастлабки суриштирувлар натижасида эълон қилингани айтилмоқда. Юқорида санаб ўтилган уч вазир турли вақтларда унинг раҳбарияти таркибида бўлишган.

9 июнь куни Франция ҳуқуқ-тартибот органларига 2010 йилда мадам Гуларнинг Европа парламентида ёрдамчиси бўлиб ишлаган инсондан ариза келиб тушган. У маошни бу вазифада олган бўлса-да, ҳеч қачон ўзига тегишли вазифаларни бажармаган экан. Номи ошкор қилинмаётган маълумот берувчининг кўрсатмаларига кўра, жами бўлиб 12 нафар ана шундай сохта ассистент Гулар хонимга ёрдам берган.

Суриштирувчилар қўлида де Сарнезнинг ҳам ана шундай қоидабузарликларга йўл қўйгани хусусида маълумотлар мавжуд. Байруга нисбатан суриштирув ишлари олиб борилмаяпти. Бироқ у MoDem раҳбари сифатида қарорлар қабул қилишда ўз ҳамкасблари билан бирдам бўлган.

Бу уч сиёсатчи 17 май куни, Эммануэль Макрон президентлик курсисига ўтирганидан сўнг, ўз лавозимларига тайинланган эди. 11 ва 18 июнь кунлари Францияда парламент сайловлари ўтказилди ва унда амалдаги давлат раҳбарининг тарафдорлари қонунчилик органида кўпроқ ўринга эга бўлишди. Француз қонунчилигига кўра, парламент сайловларидан сўнг ҳукумат истеъфога чиқарилади ва янгидан шакллантирилади.