Франциянинг Ланда департаментида жойлашган Мимизан коммунасидаги пляжга 1,5 тоннадан кўпроқ кокаин гиёҳванд моддаси тўлқин билан чиқариб ташланди. Бу ҳақда France Soir портали хабар берди.

Ушбу заҳри қотил уни сотувчи гиёҳвандфурушлар соҳил бўйлаб резина қайиқларда кетаётганларида фалокатга учраганларидан кейин тўлқин билан қирғоққа чиқариб ташланган. Қайиқдаги одамларни қутқаргани етиб келган ҳарбийлар соҳилда кўплаб кокаин ўрамларини аниқлашган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қайиқда бўлган Грециянинг 7 фуқаросини ва гиёҳванд моддаларни ташишга алоқадорликда гумон қилинаётган яна бир неча кишини қўлга олганлар.

Le Parisien нашрининг таъкидлашича, Эскурс деган жойдаги уйлардан бирида тинтув ўтказилганда полиция умумий оғирлиги 250 кг бўлган 6 та ўрам ва чемоданга жойланган кокаин аниқлаган. Гиёҳванд модда эгалари – келиб чиқиши грециялик 4 нафар кимса ушланиб, ҳибсга олинган.