Қатарга нисбатан бошқа давлатлар томонидан киритилган эмбарго амирликнинг нефть ва газ соҳасига таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақда Qatar Petroleum давлат корпорацияси бош директори Саад Шерид ал-Кааби сешанба куни Al Jazeera телеканалига хабар берган.

Унинг сўзларига кўра, Қатар “исталган инқирозли вазиятларга тайёр турган”. “Биз блокада шароитида доимий равишда ишлашга тайёрмиз, бу нефть ва газ саноатига таъсир кўрсатмайди, - деди у. – Инқирознинг илк кунлари компаниялар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказдик ва ҳаракатлар режасини муҳокама қилиб, мониторинг комиссиясини ташкил этдик”.

Ал-Каабининг қайд этишича, Қатар рўй бераётган вазиятга қарамай, ўз мажбуриятларига содиқ қолади. Унинг умид билдиришича, амирликда ишловчи компаниялар ҳамкорликни давом эттиради. Шу билан бирга, унинг эслатишича, “Қатар нефть ва газ соҳасига хорижий сармоялар ҳажми 2016 йилнинг охирида 68 млрд. долларни ташкил этди”.